Россияда ҳарбий шартнома имзолаган хорижликларга фуқаролик бериш тартиби соддалаштирилди

Иллюстратив сурат

Россия президенти Владимир Путин чет элликларни Россия фуқаролигига қабул қилишни осонлаштиришни кўзда тутган фармонга қўл қўйди. Россия президенти сайтида маълум қилинишича, мазкур фармон билан Путин ўтган йил сентябрида ўзи имзолаган фармонга ўзгартишлар киритган.

Ҳужжатда қайд этилишича, бундан буён “махсус ҳарбий амалиёт” (Москва расмийлари ва ташвиқотчилар Украинадаги урушни шундай аташади) даврида Россия армиясида ёки ҳарбий бўлинмаларида хизмат ўташ учун бир йиллик шартнома имзолаган хорижликлар соддалаштирилган тартибда фуқаролик олиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўтган йилги фармонда Россия армияси билан бир йиллик шартнома тузиб, олти ой Украинадаги жангларда иштирок этган ёки олти ойдан кам муддат ичида ярадор бўлган хорижликларга осонлаштирилган тартибда паспорт берилиши айтилган эди.

Аввалроқ Россияда муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб юрган ҳуқуқбон Валентина Чупик Путиннинг мазкур фармонини шарҳлар экан, “бунинг фуқароликка олиб борадиган йўл эмас, аслида ўлимга олиб борувчи ва мигрантларни ҳарбий жиноятчи сифатида тан олишга етакловчи йўл” эканини урғулаган эди.

Ўзбекистон расмийлари ҳам Россияда юрган ўзбек муҳожирларини бошқа давлатлар ҳудудида кетаётган урушларда иштирок этмаслик ҳақида, бу ҳаракат жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги хусусида бир неча бор огоҳлантирган. Шу билан бирга, Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган ўзбекистонликлар ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бўлган маҳкумлар урушга ёлланаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди.

Аввалроқ 2022 йилда эса қарийб 1,5 миллион нафар ўзбекистонлик Россияга иш излаб кетгани, бу мигрантлар сонининг 42 фоизини ташкил этиши, жорий йилнинг I чорагида эса Ўзбекистондан пул топиш мақсадида Россияга 630 минг 859 нафар мигрант кетгани ҳақида хабар берилган эди.