Россия Бош прокуратураси Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси фаолиятини “номақбул” деб топди. БП қайдича, фонд дунё бўйлаб 11 та ваколатхонага эга.
“Баён қилинган мақсадлар – демократияни олға суриш, Европа бирлигини, иқтидорли ёшлар дастаклаш ва ҳ. Амалда эса Konrad-Adenauer-Stiftung e.V. Россия Федерацияси раҳбарияти, у томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатни обрўсизлантирувчи материалларни тарқатиб келмоқда”, дейилган хабарномада.
Бош прокуратура мазкур фонд Украинага қарши уруш мавзусида “дўст бўлмаган давлат сиёсатини олға сурмоқда”, унинг ахборий фаолияти эса “Россия ва Ғарб мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни мураккаблаштириш, РФнинг халқаро майдондаги сиёсий ва иқтисодий изоляцияси учун шароит яратиш, махсус ҳарбий амалиёт ўтказилаётган ҳудудларда ҳарбий қаршиликни кучайтириш”га қаратилган, деб ҳисоблайди.
Германия фонди билан бир қаторда Франциянинг “Кавказ халқлари ассамблеяси”, Швейцариянинг Education First ва Польшанинг “ОСТМОСТ” фонди ҳам “номақбул” деб топилган.
Россияда “номақбул” ташкилотлар реестри 2015 йилдан буён мавжуд бўлиб, ўтган вақт ичида унга 160 дан зиёд ОАВ, ННТ ва бошқа бирлашмалар киритилган. 2024 йил февралида мазкур рўйхатга Озод Европа/Озодлик радиоси ҳам киритилган эди.
Реестрга киритилиш ташкилотга Россияда ишлаш тақиқланиши, у билан ҳамкорлик қилган фуқароларга эса жиноий таъқиб хавф солишини англатади. Россияда “номақбул” ташкилотлар билан ҳамкорлик қилганлик ва уни молиялаштирганлик учун беш йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.