Россияда мажбурий вакцинация: мигрантлар қай тарзда ва кимнинг ҳисобига эмланади?

Россияда коронавирус тарқалиши шиддатли тус олмоқда: ҳар куни 20 мингдан ортиқ янги ҳолат қайд этиляпти. Эпидемиологик вазият кескинлашгани муносабати билан аҳолини мажбурий эмлаш масаласи кўтарилди. 16 июнь куни “Роспотребнадзор” савдо, умумий овқатланиш, жамоат транспорти ва такси, маиший хизматлар, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, УЖКХ ва энергетика соҳалари хизматчиларининг 60 фоизини эмлашга кўрсатма берди.

Ушбу соҳаларда персоналнинг катта қисмини мигрантлар ташкил қилади. 18 июнда Москва мэри Сергей Собянин келаси ой бошидан мигрантларни моҳиятан “Спутник V” вакцинасининг дастлабки компоненти бўлмиш “Спутник Лайт” билан эмлаш бошланишини эълон қилганди. 27 июнь куни эса президент Путин 15 июлга қадар меҳнат мигрантларини эмлашни ташкил қилиш ва бунинг “молиявий манбаларини белгилаш”га буйруқ берди.

Хўш, Россияда айни пайтда мигрантларни эмлаш қандай кечмоқда? Улар эмланишга розими ва эмлаш ҳақини ким тўлайди?

Айирмачилик

Меҳнат қонунчилиги бўйича юрист Валентина Митрофановага кўра, айни пайтда мажбурий вакцинациянинг қонуний ёки йўқлиги эмас, мигрантларга Россия аҳолиси билан тенг шарт-шароит яратилмагани масаласи кўпроқ муҳим. Мамлакат фуқароси ўзи бириктирилган поликлиникага бориб, бепул эмланиши мумкин, аммо мигрантларда бунақа имконият йўқ.

“Бу жуда ғалати тартиб. Ахир мигрантлар хизмат кўрсатиш, савдо ва коммунал соҳаларда ишлайди, яъни ҳар куни минглаб одамлар ва оммавий фойдаланувдаги буюмлар билан муомалада бўлади-ку”, дейди у ажабланиб.

Россияда ҳозир чет элликлардан фақат вақтинча яшаш рухсатномаси (ВЯР) ёки яшаш учун рухсатнома (ЯУР) билан истиқомат қилаётганлар, шунингдек, ЕОИИ мамлакатларидан келган мажбурий тиббий суғурта полисига эга кишиларгина вакцинани бепул олиши мумкин.

“Москваликларни эмлаган ҳолда улар билан ёнма-ён яшаётган бир миллион мигрантдан юз буриш тўғри эмаслигини ҳукумат вакилларига неча марта тушунтирдик. Ўйлаб кўрамиз, деганча, мана, икки ой ўтди, янги тўлқин ҳам бошланди орада, лекин ҳануз жавоб йўқ. Балки улар мигрантлар ҳам Нуҳ кемасида жон сақлаган одамзотдан тарқаганини англашмас”, дейди меҳнаткаш мигрантлар касаба уюшмаси раиси Ренат Каримов.

Мигрант қандай эмланиши мумкин?

Мигрантлар интернет-форумларида мажбурий эмлаш мавзусини қизғин муҳокама қилишмоқда. Масалан, ошхонада ишловчи бир аёл мигрантларни ва бошқа ишчиларни эмлаш кимнинг ҳисобига амалга оширилиши ҳозирча номаълумлигини ёзган. Эмланмаганлар бўшатилмас экан‑у, аммо уларга то вакцинациядан ўтгунича ишга қўйилмаслигини, иш ҳақи ҳам тўланмаслигини писанда қилишибди.

Бошқа мигрант эса иш жойида, фуқаролигидан қатъи назар, 60 фоиз персонал мажбурий эмланганини ёзган. Яна бир мигрант аёл ишхонасида эмланиш учун 10 июлгача муҳлат беришганини, аммо эмлаш марказига борганида РФ паспорти ёки тиббий суғуртаси бўлмагани учун унга рад этишганини, қаерга мурожаат қилишини билмаслигини маълум қилган.

Ҳуқуқбон Каримжон Ёровга кўра, сўнгги пайтларда ё эмланиш, ё ишдан бўшаш талаби қўйилган кўплаб мигрантлар унга ёрдам сўраб мурожаат қилмоқда экан. Шу билан бирга, чунончи, “Ашан”да ҳаммол бўлиб ишловчи Тожикистон фуқароси иш берувчиси барча ходимларни ёппасига “Спутник” билан бепул эмлатганини хабар қилган.

Россияда қирғизистонликларни қўллаб-қувватловчи “Табарман” ташкилоти раҳбари Марсель Салахунов мажбурий вакцинация бошланганидан бери МТС полисини расмийлаштириб беришни сўровчилар кўпайганини айтади.

“Шахсан мен эмланиш тарафдориман, чунки вазият қалтис. Жамоавий иммунитет ҳосил қилишимиз керак. Бу маънода қирғизистонликларнинг омади бор экан, чунки биз ЕОИИдамиз. Қирғизистонда вакцина етишмайди, шу боис Россиядаги мигрантларимиз ўз ватанларидагидан кўра яхшироқ аҳволдалар ҳозир”, дейди у.

“Россия вакцинасига русларнинг ўзларидан кўра кўпроқ ишонишади”

Россияликлар каби, мигрантлар ҳам “эмланиш керакми, йўқми” деган савол атрофида икки тарафга бўлинган. Каримжон Ёровнинг айтишича, вируснинг янги штамми эмланганларга ҳам юқаётганини эшитгач, кўп мигрантлар вакцина олишни истамай қўйган. “Эмдорининг нафи тегишига одамлар унча ишонмайди, агар пулга эмлашса, бу қўшимча чиқим дегани, мигрантлар учун эса ҳар бир рубл ҳисобли”, изоҳ беради ҳуқуқбон.

Бироқ касаба уюшмаси раиси Ренат Каримов бу фикрга қўшилмай, мигрантлар Россия вакцинасига россияликларга қараганда кўпроқ ишонишини таъкидлайди:

“Россияликлар ҳукуматга ишонмаслиги важидан, шунингдек, бой ва илғор давлатлар “Спутник”ни сотиб олмаётганини кўриб, у билан эмланишни хоҳламаяпти. Мигрантларда эса вакцинага ишонч даражаси анча юқори. Гап фақат уларни эмлашни тўғри ташкил қилишда”, дейди у.

Бироқ Россия аҳолиси “Спутник V” билан эмланаётгани ҳолда мигрантларга унга нисбатан самарадорлиги камроқ “Спутник Лайт” буюрилаётгани мигрантлар ишончига путур етказаётгани аниқ.

Эксперт Валентина Митрофанова мигрантларга алоҳида вакцина таклиф этилаётганини камситиш деб ҳисоблайди:

“Мигрантлар биз билан бир хил эпидемиологик вазиятда, уларга ҳам бир хил чекловлар амал қилади. Шундай экан, менимча, Россияда қонуний меҳнат қилаётганларга мамлакатда рўйхатга олинган барча вакциналардан фойдаланиш имкони берилиши керак”, ўз мулоҳазаларини бўлишади Митрофанова.

Пулини ким тўлайди?

Эмлаш ҳақи кимдан ундирилади: иш берувчиданми, маҳаллий бюджетданми ёки мигрантларнинг ўзларидан? Бу саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ.

“Москва маъмурияти паст кетмайди, деб умид қиламиз, – дейди Ренат Каримов. – Мигрантлар пойтахт хўжалигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшишяпти, бир сафар ҳатто мэрнинг ўзи ҳам “мигрантларга патент сотиш бюджетга нефт ширкатларидан кўра кўпроқ даромад келтиради”, деб тан олганди”.

Каримов “Спутник Лайт” билан эмлаш нархи 10 доллар ёки 700 рублдан ортиқ бўлмаслиги зарур, деб ҳисоблайди.

“Бу, масалан, йиллик патент нархи (5350 рубл) олдида катта маблағ эмас. 700 рублдан, келинглар, эмланинглар, дейишса, мигрантлар келишади. Лекин эмлашни уларга пулли қилиб қўйиш хунук иш бўлади барибир”, дейди касаба уюшмаси бошлиғи.

Валентина Митрофанова эса мигрантлар алалоқибат ё иш берувчилар томонидан марказлаштирилган тарзда ёки ўз ҳисобларидан эмланишини башорат қилади.

“Эмланмаганларнинг иш ҳақларидан ушлаб қолишади деб ўйламайман. Чунки бу аввало қонунга хилоф, бунинг устига жуда мураккаб жараён”, тусмоллайди у.

Сохта сертификатлар

Каримжон Ёровга кўра, эмланишга мутлақо қарши мигрантлар олдида уч йўл қолади: ишдан бўшаш, вакцинациядан ўтгани тўғрисида маълумотнома талаб қилинмайдиган жойларга бориб ишлаш ёки сохта маълумотномалар сотиб олиш.

“Менга айтишларича, коммунал ташкилотлар саркорлари аллақачон тайёр сертификатларни топиб келиб, донасини 2000 рублдан пуллашни бошлаб юборишибди. Сотиб олишга рози бўлган мигрантнинг шахсий маълумотлари сертификатга қайд қилиниб, базага киритиларкан. Бу худди мигрантларни рўйхатга олиш тизимига ўхшайди: қаерда мажбурий маълумотнома керак бўлса, шу заҳоти қаллоблар пайдо бўлади”, дейди Ёров.

Марсель Салахунов сохта сертификатлар савдоси авж олаётгани ҳақида интернет орқали хабардорлигини айтаркан, бу ишларнинг оқибатидан эҳтиёт бўлишга чақиради:

“Давлат вазиятни назорат қилиб турибди. Шу боис биз ватандошларимизга қонуний эмланиб, ҳақиқий сертификат олишни тавсия қиляпмиз”, деб огоҳлантиради у.

Валентина Митрофановага кўра ҳам, “вакцинация бўйича қаттиқ, кутилмаган талаблар қўйиш муқаррар қонунбузарликларга элтади”. Қолаверса, ноқобил солиқ сиёсати омилини ҳам назардан қочирмаслик лозим.

“Ўтган йилдан иш берувчилар, катта жарималар солиниши мумкинлигидан чўчиб, яна “қора” меҳнат шартномалари тузишга ружу қўйишди, шу жумладан, мигрантлар билан ҳам. Чунки расмий ходим ёки хизматчини сақлаш кўпинча уларга оғирлик қилмоқда. Шу боис, агар вакцина ҳақини тўлаш мигрантларнинг ўзларига юклатилса, сохта маълумотномалар савдоси гуллаб-яшнайди. Ахир бу мигрантга эмлашдан кўра анча арзонга тушади-да”, дейди юрист.

Июнь ойи ўрталаридан Москва полицияси қалбаки маълумотнома ва сертификатлар ясовчиларни овлашни бошлаб юборди: Москва ИИББ матбуот хизмати хабарича, 18 июнь ҳолатига 24 та жиноят иши очилган бўлиб, шундан 23 таси Россия Федерацияси ЖКнинг 327-моддаси (Сохта ҳужжатлар, давлат мукофотлари, штамплар, муҳрлар ёки бланкларни тайёрлаш ва сотиш) бўйича қўзғатилган.