Давлат думаси 23 июль куни ўтказилган ялпи мажлис чоғида Россияда миграция назоратини кучайтирувчи қонун лойиҳалари пакетини қабул қилди.
Унга кўра, полициячиларга хорижликларни мамлакатдан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқаришга рухсат берилган, улар учун мигрантлар ҳуқуқларини кескин чекловчи махсус “мамлакатдан чиқариб юбориш режими” жорий йилинган.
Шунингдек, Россияда яшаш рухсатномасиз ёки визасиз юришнинг максимал муддати 180 кундан 90 кунга қисқартирилган.
Қонун лойиҳалари қабул қилингунига қадар хорижликларни мамлакатдан бадарға қилиш ҳақидаги қарорни фақат судлар ва чегара хизматлари қабул қила олар эди. Россияда қонуний асоссиз юрган ёки жиноят содир этганликда айбланган хорижликлар учун махсус ҳуқуқий тартиб жорий қилинмоқда.
“Мамлакатдан чиқариб юбориш режими”да бўлган хорижликларга банк ҳисобрақамлари ва бизнес очиш, автомобиль бошқариш, никоҳни расмийлаштириш, бошқа ҳудудга кўчиб ўтиш тақиқланди. Эндиликда улар яшаб турган жойга полиция ордерсиз ҳам келиши мумкин. Мигрантлар ортидан суддан санкция олмай туриб ҳам техник назорат воситаларидан фойдаланган ҳолда кузатув олиб боришга рухсат этилган. Бу санкцияларнинг ҳаммаси, қонунда қайд этилишича, ҳатто мамлакатдан чиқариб юбориш қарори юзасидан суд кетаётган пайтда ҳам амалда бўлиши мумкин.
Қонун лойиҳалари Россия Давлат думасига Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказига ҳужум ортидан киритилган. Мазкур ҳужумда, расмий маълумотларга кўра, 145 киши ҳалок бўлиб, 500 дан зиёд одам яралаган. Россия расмийлари терактда Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларини айблаб чиқишган.
“Крокус”га ҳужумдан сўнг Россияда расмийларнинг мигрантларга қарши муносабати кескин салбий томонга ўзгарган. Марказий Осиёдаги бир неча мамлакат расмийлари ўз фуқароларига Россияга бормай туришни тавсия қилишган.