Россияда мигрантлар ўз тилларида пичирламасликка чақирилади

Иллюстратив сурат

Россиянинг Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлиги Марказий Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирлари учун янги адаптацион курс ишлаб чиқди. 70 дақиқали маърузадан иборат бу маъруза орқали хорижликлар Россиянинг миграция ва меҳнат қонунчилиги ҳамда мамлакатда ўзини тутиш тартиб-қоидаларига оид барча зарур маълумотларни олишлари мумкинлиги айтилмоқда.

Маъруза материаллари билан танишган “Коммерсант” нашрининг ёзишича, курс тўртта блокка бўлинган бўлиб, булар “Миграция ва меҳнат қонунчилиги асослари”, “Россияда ўзини тутишнинг норасмий асослари”, “Қонунчиликка риоя қилмаганлик учун жавобгарлик” ва “Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари муносабатлари тарихи” кабилардир.

Биринчи бўлимда мигрантларга Россияга кириб келиш ва юриш тартиби ҳақида, патент расмийлаштириш ва меҳнат шартномаси тузиш қоидалари ҳақида маълумот берилган. Нашр қайдича, маърузачи Россия армиясида шартнома асосида хизмат қилиш орқали мамлакат фуқаролигини соддалаштирган тартибда олиш имконияти мавжудлиги хусусида ҳам сўзлаши керак.

“Россияда ўзини тутишнинг норасмий асослари” блокида маърузачилар рус тилини билиш муҳимлигини урғулаб, “ака//ука” (“брат”) ва ёхуд “опа//сингил” (“сестра”) деб мурожаат қилиш сизга қариндош бўлмаган одамлар билан мулоқот учун тўғри келмайди”, дея қайд этишади. Шунингдек, хорижликлар бошқа одамлар олдида ўз она тилида пичирламаслик ва ўтган-кетганни муҳокама қилмасликка чақирилади.

Бундан ташқари, маърузада Россия дунёвий давлат экани, бу ерда бирор-бир динга мансубликни оммага намойиш қилиш, хусусан кўчада диний маросимларни амалга ошириш ва жамоат жойларида намоз ўқиш одати йўқлиги эслатилади. Шу билан бирга, ҳайвонларни қурбонликка келтириш ҳам мақбул иш эмаслиги қайд этилади.

Курсда “қарама-қарши жинс вакили билан муомала асослари” тўғрисида, хусусан, Россияда аёллар аввалдан очиқ кийим кийиб юришлари, бу уятли иш бўлиб ҳисобланмаслиги ва бу ҳолат аёлнинг биров билан танишишга тайёр эканини англатмаслиги ҳақида айтилади.

Нотаниш одамларга тегиниш мумкинмас, шунингдек, ўзига ёқиб қолган аёл ёки эркак эътиборини тортишга уриниб, турли товушлар чиқариш, ҳуштак чалиш, “чиққиллаш” яхши эмас”, дейилади дастурнинг “Россияда ўзини тутишнинг норасмий асослари” тўғрисидаги бўлимида.

Курснинг учинчи қисми Россияда миграцион қонунлар дохил қонунчиликнинг бузилиши учун белгиланган жазо чораларига бағишланган. Бу бўлимда маърузачилар экстремистик ва террорчилик фаолиятида иштирок этиш ёки унга кўмаклашишга йўл қўйилмаслигини қайд этишлари лозим.

Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари муносабатлари тарихига бағишланган тўртинчи бўлимда ўзаро “дўстлик ришталари кўп асрлик тарихга эга”лиги, “СССР бюджетидан ажратилган катта пуллар эса Марказий Осиё республикаларининг муваффақият билан тараққий қилишига имкон яратган”и таъкидланади.

Маъруза матнларига 11 та анимацион ролик илова қилинган бўлиб, уларда бош қаҳрамон Тимур Россияда яшаш тартиб-қоидалари ҳақида сўзлаб беради. Ҳар бир видео “Ассалому алайкум, муҳтарам ака-укалар ва опа-сингиллар! Менинг исмим Тимур ва мен ўн йилдан буён Москвада яшайман” деган жумлалар билан бошланади. Роликлар мазмуни кўп жиҳатдан 70 дақиқали маъруза мазмун-мундарижасига мос.

Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлиги Россиядаги мигрантлар учун адаптацион курс ишлаб чиқилганини 2023 йил сентябрида эълон қилган эди. Ўтган ҳафтада агентлик курс Калининград ва Москва вилоятлари, Пермь ва Краснодар ўлкаларида, шунингдек, Ёқутистонда (Якутия) апробациядан ўтгани ҳақида маълумот тарқатган.