Россияда мигрантларга фуқаролик бериш тўхтатилиши мумкин

Москвадаги Миграция маркази биноси ёнида турган хорижлик мигрантлар (архив сурати)

Жорий йилнинг 26 ноябрь куни уюшган тартибда ишга жалб қилинган меҳнат муҳожирларининг РФда яшаш рухсатномаси ёки фуқаролик олишини тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси Россия Давлат думасига кўриб чиқиш учун киритилади. Бу ҳақда давлатга қарашли “РИА Новости” агентлиги “Адолатли Россия — Ҳақиқат учун” (“Справедливая Россия — За правду”) фракцияси вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Фракция депутатлари бу каби мигрантларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларининг ҳам Россияга киришини тақиқлашни таклиф қилишмоқчи.

Бундан ташқари, лойиҳадан меҳнат муҳожирларининг Россияда бўлиши меҳнат шартномаси муддати билан чекланишига оид таклиф ҳам ўрин олган. Бу муддат тугаганидан кейин хорижлик ишчи РФ ҳудудини тарк этиши шарт бўлади.

Иш берувчиларга эса мигрантнинг уйга қайтиши билан боғлиқ харажатлар учун маблағ сақланажак махсус ҳисобрақами очиш мажбурияти юкланиши кўзланмоқда. Қонун лойиҳасида айтилишича, бундай ҳисобрақамнинг бўлиши меҳнат муҳожирининг Россия кириб келиши учун мажбурий шартга айланиши лозим.