Россияда меҳнат ва миграция қонунчилиги соҳасида ҳуқуқбузарликларни содир этган меҳнат муҳожирлари учун амнистия эълон қилиниши мумкин. Мазкур чора ҳужжатларининг муддати тугаган ёки мамлакат бадарға қилиниши керак бўлган мигрантлар реестрини ишга туширишга ҳозирлик доирасида муҳокама қилинмоқда, дея хабар қилди “Коммерсантъ” газетаси.
Назорат қилинадиган шахслар реестри 2025 йилда ишга тушиши лозим бўлиб, у миграция назоратини кучайтирувчи қонун лойиҳалари пакети доирасида тузилади. Миграция сиёсати бўйича ҳукумат комиссияси йиғилишида ИИВ вакили, “Коммерсантъ”нинг ёзишича, барча ҳуқуқбузарлар бир вақтнинг ўзида базага киритилишига “ҳеч қанақа инфратузилма дош беролмайди”, дея билдирган.
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой енгил ҳуқуқбузарликлар содир этган мигрантлар учун амнистия эълон қилиш “оқилона иш бўларди”, дея қайд этган. Йиғилишда иштирок этган Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) контрразведка хизмати раҳбари Владислав Меньшчиков махсус хизмат бу каби ташаббусни қўллашга тайёр эканини билдирди, деб ёзган газета.
Йиғилишда Россиядаги ноқонуний мигрантлар сонини ИИВ 630 минг нафар атрофида деб баҳолаши айтилган. Бу мақомга мигрантлар асосан мамлакатда бўлиш тартибини бузганлик, икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик ёки ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширишганлик туфайли тушиб қолишган. Муҳтамал амнистия улардан қанчасига тегишли бўлиши мумкинлигига аниқлик киритилган эмас.