Россияда мигрантларга оиласини олиб келиш тақиқланиши мумкин

Иллюстратив сурат

ЛДПР партиясидан бўлган депутатлар гуруҳи 19 август куни Давлат думасига Россия фуқаролигига эга бўлмаган меҳнат муҳожирларига оиласини мамлакатга олиб келиш ҳуқуқини чеклашни таклиф қилувчи қонун лойиҳасини киритган. Бу ҳақда Россия нашрлари хабар қилишмоқда.

Қонун лойиҳаси билан Россияда меҳнат шартномаси асосида вақтинча ишлаётган чет элликнинг оила аъзоси бўлган хорижлик фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Россия ҳудудига киришини тақиқлаш таклиф қилиняпти.

Қонун лойиҳаси муаллифлари бу ерда гап Россияга фақатгина меҳнат шартномаси ёки патент асосида келаётган, айни пайтда мамлакатда истиқомат қилиш учун бошқа қонуний асослар, масалан, фуқароликка эга бўлмаган паст малакали мутахассислар ҳақида кетаётганини қайд этишмоқда. Юқори малакали хорижлик мутахассисларнинг оила аъзолари эса бундан мустаснодир.

Меҳнат муҳожирларининг оилалари уларни ватанида кутишлари лозим. Ишга кирган хорижликларнинг яқинлари Россияга келганларидан кейин анклав бўлиб яшашяпти, ўз тилларида сўзлашишяпти, маҳаллий аҳолига беписандлик билан муомала қилишмоқда”, деган ЛДПР партияси лидери Леонид Слуцкий қонун лойиҳасига изоҳ бераркан.

Сўнгги йил ичида Россия расмийлари меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини чекловчи қатор қонунларни қабул қилишган. Масалан, Россияда полицияга хорижликларни мамлакатдан бадарға қилиш ҳуқуқи берилган. Авваллари бундай қарорни фақатгина суд ва Чегара хизмати чиқариши мумкин эди, холос.

Бундан ташқари, Россияда виза ёки яшаш рухсатномаси муддати тугаган фуқаролар учун “мамлакатдан бадарға қилиш” тартиби жорий қилинган.