Россия Ички ишлар вазирлиги хорижликларни мамлакатдан бадарға қилиш бўйича Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига яна 20 та модда киритишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, хорижликлар Россия ҳудудида йилига 235 мингга яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишади.
Вазирлик маъмурий кодексга киритишни таклиф қилаётган 20 та модданинг аксарияти жамоат тартиби ва хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқларни муҳофаза қилишга, шу жумладан экстремизм кўринишларига қарши курашишга қаратилган.
“Бу хорижлик фуқароларнинг Россиядан мажбуран чиқариб ташлаш тезкорлигини оширишга имкон беради”, дейилган хабарномада.
ИИВ маълумотларига кўра, мигрантларга нисбатан маъмурий баённомаларнинг катта қисми жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботга хавф солиниши бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар учун тузилган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида маъмурий жазолашнинг превентив функциясини кучайтириш мақсадида миграция тартиб-қоидаларини бузган жисмоний шахслар учун маъмурий жарималар миқдорини ошириш ҳам кўзда тутилмоқда.
Россияда ноқонуний миграцияга қарши кураш Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”да март ойида содир этилган теракт ортидан кучайиб кетган. Россиялик расмийлар мазкур террор хуружининг амалга оширилишида бир неча тожикистонлик гумонлашмоқда.
Россияда мигрантларга қарши кайфият кучайиши манзарасида ўзбекистонликлар дохил Марказий Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирлари мамлакат ҳудудига киришда узоқ муддатли текширувлардан ўтаётган ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.