Россияда мигрантларнинг рус тилини билмайдиган фарзандларини мактабга қабул қилиш тақиқланиши мумкин

Иллюстратив сурат

Россия Давлат думаси ҳукуматга мигрантлар фарзандларининг рус тилини билиши тасдиқланмасидан туриб уларни мактабга қабул қилишни тақиқлаш таклифини ўз ичига олган қарор лойиҳасини ҳозирламоқда. Бу ҳақда Давлат думаси раиси Вячеслав Володин маълум қилган.

Шунингдек, мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишда уларнинг Россия ҳудудида қонуний юрганини текшириш таклиф этилмоқда. Депутатлар Давлат думасига бунга оид ҳам қонун лойиҳасини киритишади. Қарор лойиҳасини депутатлар 20 ноябрь куни бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда кўриб чиқишни режалашмоқда.

Агар мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилиш рад этилса, депутатлар уларнинг мажбурий таълим олишини қандай таъминлашади – бу масалага Володин ойдинлик киритган эмас. Россия қонунчилиги ва халқаро меъёрларга мувофиқ, давлат мактаб ёшидаги барча болаларга мажбурий таълим тақдим этиши шарт.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин рус тилини билмайдиган ёки кам биладиган мигрантларнинг болалари билан ишлаш алгоритмини яратиш ҳақида топшириқ берган эди. Шунингдек, у рус тили ва Россия халқлари тилларини дастаклаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш кенгашига меҳнат мигрантларига нисбатан рус тили малакаси бўйича талаблар даражасини аниқлаш ва белгилаб қўйишни топширган эди.