Россияда мудофаа вазирининг собиқ муовини қўлга олинди

Россиялик генерал Павел Попов

Россия Тергов қўмитаси товламачиликда гумонланаётган мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари генерал Павел Поповни қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатди.

Қўмита иддаосига кўра, Поповга қарши очилган жиноят иши унинг “Патриот” паркига доир фаолияти билан боғлиқ. Тергов маълумотига кўра, парк директори Вячеслав Ахмедов ва Мудофаа вазирлиги инновацион ривожланиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Владимир Шестеров билан шерикликда ҳаракат қилиб, парк ҳисобидан бойлик орттирган.

Вазир ўринбосари парк ҳисобидан ўз дала ҳовлисида қурилиш ишларини уюштирганлик ҳамда тижорат ташкилотлари раҳбарларини ҳақ тўламаган ҳолда ўз уйида қурилиш-монтаж ишларини бажаришга мажбурлаганликда айбланмоқда.

Бу жорий йилнинг май ойида Россияда мудофаа вазири алмашганидан буён вазирликда устидан жиноят иши қўзғатилган илк мулозим эмас. Дейлик, 17 май куни Жанубий ҳарбий округ 58-армияси собиқ қўмондони Иван Попов товламачиликда (Россия Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми) айбланиб, ҳибсга олинган эди. 23 май куни эса Россия Бош штаби раҳбарининг ўринбосари генерал Вадим Шамарин қўлга олинган эди.

Бундан ташқари, аввалроқ Россия мудофаа вазирининг бошқа бир ўринбосари Тимур Ивановга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилган. У 1 миллиард рублдан кўпроқ пора олганликда айбланмоқда.