Санкт-Петербургнинг Октябрь тумани суди журналист Александр Невзоров ва унинг рафиқаси Лидия Невзоровани экстремистик бирлашма деб топиб, Россия ҳудудида уларнинг фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. Шунингдек, суд қарорига мувофиқ, эр-хотиннинг бутун мол-мулки давлат фойдасига мусодара этилади.
Бу ҳақда ўз телеграм-каналида ёзган ҳуқуқшунос Алексей Прянишниковга кўра, суд қарорида Невзоровларга қарашли ер участкалари, тураржой, автомобиль ва бир корхонадаги улуш давлат фойдасига олиб қўйилиши қайд этилган.
Қарор Санкт-Петербург шаҳар прокурорининг даъво аризаси бўйича қабул қилинган. Мазкур даъво аризаси судга топширилгани ҳақида май ойининг иккинчи ярмида хабар қилинган эди. Ўша пайтда адвокатлар прокурорнинг бу аризаси Россияда ўзгача фикрловчилар мол-мулкини тортиб олиш бўйича янги универсал схеманинг синовдан ўтказилиши бўлиши мумкинлигини айтишганди. Адвокат Прянишников Россия суд амалиётида бу каби ҳолатлар бўлмаганини қайд этган.
Тергов идоралари изоҳида эр-хотин Невзоровлар “2022 йилнинг март ойидан ҳозирги пайтгача интернетдаги шахсий саҳифаларида махсус ҳарбий амалиёт (Россия расмийлари Украинадаги урушни шундай деб атайди – таҳр.) ўтказилиши ҳақида нотўғри маълумотлар жойлаштириб, вояга етмаганлар дохил чекланмаган миқдордаги шахсларга экстремистик мафкурани ёйиб келишмоқда”, дейилган.
Александр Невзоров Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кейин Россиядан чиқиб кетган. Уруш бошлаган россиялик расмийлар хатти-ҳаракатини қоралаган журналист рафиқаси билан биргаликда Украина фуқаролигини олган.
Прокурорнинг даъво аризасига оид янгиликни ижтимоий тармоқлар орқали шарҳлаган Невзоров уни Россия билан боғлаб турувчи ҳеч нарса бўлмаслигини исташини ҳамда мол-мулкка алоқадор бирор масала уни қизиқтирмаслигини урғулаган.
Журналист Россияда мамлакат армияси тўғрисида “фейк” тарқатганликка оид иш бўйича сиртдан 8 йиллик қамоққан ҳукм қилинган. Суд Невзоровнинг Мариуполь ва Бучадаги ҳарбий жиноятларга оид хабарларини нотўғри ахборот, деган хулосага келган.