Россия Федерацияси қонун лойиҳачилиги фаолияти бўйича ҳукумат комиссияси ноқонуний миграцияга қарши кураш соҳасидаги қонунчиликни кучайтиришга оид ташаббусларни кўриб чиқмоқда. “Коммерсантъ” нашри хабар қилишича, бу қонун лойиҳалари учун ижобий баҳолар аллақачон ҳозирлаб қўйилган.
Қайд этилишича, журналистлар Россия Маъмурий ва Жиноят кодексларига тузатиш киритиш бўйича учта қонун лойиҳасини қўлга киритишган. Мазкур лойиҳаларни “Единая Россия” партиясидан депутатлар Ирина Яровая ва Олег Морозов тайёрлаган.
Биринчи қонун лойиҳаси жиноят содир этилганда Россия ҳудудида ноқонуний бўлишни оғирлаштирувчи ҳолат ўлароқ қабул қилишни таклиф қилади. Лойиҳа шарҳида, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари маълумотига кўра, Россияда 630 мингдан зиёд ноқонуний мигрант юргани иддао қилинган. 2024 йилда улар томонидан содир этилган жиноятлар сони гўё уч баравар ошган.
Иккинчи қонун лойиҳаси билан ноқонуний миграция ташкил қилиш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирганлик учун юридик шахсларга бериладиган маъмурий жазони кучайтириш кўзда тутилган. Ҳозирда бу ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори 400 минг рублдан 1 миллион рублгачани ташкил қилади. Депутатлар бу суммани 5 миллион рублдан 10 миллион рублгача кўтаришни таклиф қилишган. Бундан ташқари, мазкур ҳуқуқбузарлик қайта содир этилганида, унга бериладиган жазони ҳам кучайтириш режаланмоқда. Бундай ҳолатда жарима миқдори 10 миллион рублдан 60 миллион рублгача бўлиши мумкин.
Учинчи қонун лойиҳасида ноқонуний миграцияни ташкил қилганлик учун жазони кучайтириш таклиф қилинмоқда. Ҳозирда бу жиноий модда учун беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин, бироқ қонунчиликда бу жиноят учун қамоқнинг энг кам муддати белгиланган эмас. Депутатлар ноқонуний миграция ташкил этганлик учун судланувчига камида икки йиллик қамоқ жазоси берилишига эришишмоқчи. Шунингдек, қонун лойиҳасида “уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ёки оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этиш мақсадида” уюштирилган ноқонуний миграцияни ўта оғир жиноят деб ҳисоблаш таклиф қилинмоқда.