Россияда полиция юздан ортиқ тожик талабани калтаклади

Россия полицияси махсус отряди.

Россиянинг Комсомольск-Амур шаҳридаги Техника университетида таҳсил олаётган тожикистонлик талабалар полиция масхус отряди - ОМОН томонидан калтакланди. Бу ҳақда жабрланувчилар Озодлик радиоси тожик хизматига хабар берган.

Хабарда айтилишича, воқеа 19 май куни университет ётоқхонасида содир этилган. Талабаларга кўра, ниқоб таққан, тўппонча ва электрошокер билан қуролланган полиция ходимлари ётоқхонага бостириб кириб, барча видеокамераларни ўчиришган. Улар талабаларнинг телефонлари ва ҳужжатларини тортиб олишган. Шундан сўнг ҳеч қандай сабабсиз уларни калтаклай бошлаган.

Калтакланиш оқибатида 15 га яқин талаба оғир тан жароҳатлари олган. Уларнинг айримлари жарроҳлик амалиётига муҳтож. Калтакланган талабалар бу борада универистет раҳбариятига мурожаат қилган, аммо қониқарли жавоб олмаганлар.

Шундан сўнг талабалар Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасига телефон орқали мурожаат қилган. Бироқ элчихона расмийлари ўзлари кейинроқ талабалар билан алоқага чиқишини айтганлар ва бу ваъдасининг устидан чиқмаганлар.

Сўнгги ҳафталарда ижтимоий тармоқларда Россиянинг турли ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот органлари тожикистонлик мигрантларни калтаклаётганига оид қатор видеолар пайдо бўлди.