Россияда қаровсиз қолган етти нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат

Россия Федерациясида ота-онаси томонидан қаровсиз ёки назоратсиз қолдириб кетилган ва “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари”да сақланаётган етти нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга олиб келинган. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонга қайтарилган болалар тегишли марказга жойлаштирилган, улар ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилади.

Хабарномада Россиядан олиб келинган болаларнинг нима сабабдан қаровсиз қолганига аниқлик киритилган эмас. Аввалроқ Озодликка бу каби болалар ота-оналари Россиядан депортация қилингани ортидан “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари”га олиб кетилаётгани ҳақида маълумотлар келиб тушган эди.

Хабарномада Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева бошчилигидаги ўзбек делегациясининг Санкт-Петербургга хизмат сафари чоғида Россияда ишлаётган 300 дан зиёд ўзбекистонлик аёлнинг меҳнат шароити ўрганилгани, улар орасида оғир вазиятга тушиб қолган 10 дан ортиқ аёлнинг Ўзбекистонга қайтишига кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар белгилангани қўшимча қилинган.