Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этиб, ватанига қайтган ўзбекистонликларга Қозоғистонга бормасликни тавсия қилмоқда.
Агентлик Қозоғистон ва Россия ҳукуматларининг маъмурий ва жиноий ишлари бўйича қарорларни тан олиш ва ижро этишга оид икки томонлама келишувлари асосида Қозоғистон чегара ва ички ишлар тизимида янги тизим жорий этилганини эслатиб, бунинг натижасида сўнгги вақтларда Россия ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этган Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон чегарасини кесиб ўтиш вақтида ҳибсга олиниш ҳолатлари кузатилаётганини қайд этган.
“Ҳибсга олинган шахслар Россия томони мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича якуний қарор қабул қилгунига қадар жазони ижро этиш муассасаларида сақланмоқда”, дея огоҳлантирган агентлик Россияда қонунбузарлик содир этган ўзбекистонлик мигрантларга Қозоғистонга бормай туришни маслаҳат берган.
Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўзбекистонликларга Қозоғистонга кириш ва чиқишда барча зарур ҳужжатларни ўзлари билан олиб юришни тавсия қилган эди.
“Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистонга, балки Россия Федерациясига ҳам киришда ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш лозим, чунки Россия ва Қозоғистон ўртасидаги маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги келишувларга мувофиқ Қозоғистоннинг ваколатли органлари Россия Федерациясининг миграция ва бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши ёки тўланмаган жарималар мавжудлиги бўйича текширув ўтказадилар”, дейилганди ТИВ мурожаатида.
Агар Россия Федерациясида бўлиш даврида қайд этилган қоидабузарлик ёки тўланмаган жарима аниқланса, вазирлик қайдича, Қозоғистон томони Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистонга кириши ёки чиқишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.