Россияда қулликда бўлган жиззахлик аёл Ўзбекистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат

Россияда беш ой мобайнида қулликда сақланган жиззахлик аёл асоратдан қутулиб, ватанига қайтишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Россияда қулликка тушиб қолган аёлни Ўзбекистонга қайтариш бўйича саъй-ҳаракатлар фуқаро Ф.Л. томонидан омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакилига ёрдам сўраб мурожаат қилгани ортидан бошланган.

Мурожаатчи Ф. Л. ўз синглиси Ф. С. 2024 йилнинг январь ойида фуқаро Д. О. томонидан алдов йўли билан Россияга ишлаш учун олиб кетилгани, унинг паспорти рўйхатга қўйиш важи билан олиб қўйилиб, 5 ой давомида катта далада мажбурлаб ишлатилганини билдирган.

Пировардида асоратда сақланган жиззахлик аёл Самара шаҳрига қочишга муваффақ бўлган, аммо Ўзбекистонга қайтиб келишга имкон тополмаган.

Омбудсман хабарномасида Республика “Истиқболли авлод” ННТ Жиззах вилоят бўлими билан ҳамкорликда кўрилган чора-тадбирлар ортидан “фуқаро Ф.С. жорий йилнинг 27 июль куни Ўзбекистонга қайтариб олиб келингани”, “ҳозирда у оиласи бағрида” экани қўшимча қилинган.