Озод Европа/Озодлик радиоси (Radio Free Europe/Radio Liberty, RFE/RL) татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевага нисбатан “Йўқолсин уруш. Украинага бостириб кирилишига қарши чиққан 40 нафар россияликнинг ҳикояси” (“Нет войне. 40 историй россиян, выступающих против вторжения в Украину”) китоби туфайли Россия армияси ҳақида “фейк” тарқатганликка оид жиноят иши очилди, дея хабар қилди давлат тузилмаларига яқин бўлган “Татар-информ” ахборот агентлиги. Бу Алсу Курмашевага қарши Россияда қўзғатилган жиноят ишларининг учинчисидир.
Курмашевага қарши янги иш очилишига баҳона бўлган китоб RFE/RLнинг татар-бошқирд хизмати томонидан 2022 йил ноябрида нашр этилган. У Волгабўйи ҳудудларида яшовчи ва Украина урушига аввал-бошдан қарши бўлган кишилар ҳақидаги қирқ ҳикояни ўз ичига олган. Тўплам 2022 йил мартидан август ойи охиригача “Idel.Реалии” сайтида чиққан интервьюлар асосида тайёрланган.
Тергов тахминича, Алсу Курмашева гўё бу китоблар тарқалишига алоқадор бўлган.
“Биз Россия расмийлари томонидан Алсуга қарши янги айбловлар илгари суриш қарорини қатъий қоралаймиз. Журналистика – жиноят эмас. Алсуга нисбатан бу каби аёвсиз таъқиб тўхтатилиши лозим. Алсу шундоқ ҳам адолатсиз айбловлар бўйича яқинларидан олисда 56 кундан буён ҳибсда сақланмоқда”, деди RFE/RL президенти вазифасини бажарувчи Жефф Гедмин.
Бундан ташқари, 12 декабрь куни Татаристон Олий суди эҳтиёт чорасини озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаганига ўзгартириш тўғрисида журналистнинг адвокати томонидан берилган илтимосномани рад этиб Алсу Курмашевани ҳибсхонада қолдирган. Суд қарорига кўра, журналист 2024 йилнинг 4 февралигача ҳибсхонада қолади.
Алсу Курмашева Россия Жиноят кодексининг 330.1-соддаси 3-қисмида айбланмоқда. Россия Тергов қўмитаси талқинига кўра, Курмашева ўзини “хорижий агент” ўлароқ реестрга киритилиши учун ҳужжатлар тақдим этиши лозим эди. Айни пайтда Россия Адлия вазирлиги ўз ташаббуси билан журналист аёлни реестрга киритган эмас. Бу Россияда мазкур модда бўйича журналистга қарши қўзғатилган илк жиноят ишидир. Курмашева ўзига қўйилаётган айбловни тан олмаган.
“Сиёсий маҳбусларни қўллов. Мемориал” лойиҳаси 30 ноябрь куни Алсу Курмашевани сиёсий маҳбус деб топган.
АҚШ ва Россия фуқароси бўлган Алсу Курмашева эри ва фарзандлари билан Чехиянинг Прага шаҳрида яшайди. Май ойи ўрталарида у оилавий сабабларга кўра Россияга борган. Журналист 2 июнь куни уйига қайтаётган пайтда куч ишлатар тузилмалар ходимлари уни Қозон аэропортида қўлга олишган. Курмашевадан АҚШ ва Россия паспортлари олиб қўйилган. Кейинроқ Қозондаги суд иккинчи фуқаролиги ҳақида суд Россия расмийларига хабар бермагани учун унга жарима тайин қилган.
Алсунинг қўлга олинишини Канада, Чехия, Франция, Польша ва Швеция ҳукуматлари ҳамда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий мулозими, Европа парламенти президенти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) матбуот эркинлиги бўйича мулозими ҳамда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари қоралаб чиқишган. Журналистикани ҳимоя қилиш ва журналистлар хавфсизлигига кўмаклашиш бўйича Европа кенгаши платформаси Алсуни озод қилиш чақириғи билан чиққан.
Алсунинг қўлга олинишини қоралаган ва зудлик билан озод этилишини талаб қилганлар орасида Amnesty International, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Freedom House, ПЕН-Америка, Чегара билмас мухбирлар, Журналистлар халқаро федерацияси ва Халқаро матбуот институти каби нуфузли ташкилотлар бор.