Россияда рус тилини билмаган минглаб мигрант фуқаролик ололмади

Иллюстратив сурат

2024 йилда 4 мингдан зиёд мигрант рус тилини билмагани учун Россия фуқаролигини ололмаган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волкнинг билдиришича, “2024 йилнинг 1 январидан хорижда яшовчи ҳамюртларни Россия Федерациясига ихтиёрий тарзда кўчирилишига кўмаклашиш бўйича давлат дастурида иштирок этишга ариза топшириш учун рус тилини оғзаки ва ёзма шаклда мулоқот қилиш учун етарли даражада билишини тасдиқлаш зарур. Шу тариқа, рус тилини билмаган 4 мингдан зиёд аризачи Россия фуқаролигини ололгани йўқ”.

Умуман олганда, Россия Таълим вазирлиги маълумотига кўра, рус тили имтиҳонидан йиқилган мигрантлар фоизи беш ой ичида 10 баравар кўпайган. Июнь ойи охирида Рособрнадзор ташкилоти мигрантлар учун рус тили бўйича имтиҳонлар устидан назоратни кучайтиришни таклиф қилган эди.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, хорижликлар рус тили бўйича имтиҳон топширадиган пунктлар сони аниқланган қонунбузарликлар туфайли ўтган йил декабридан бери 5 баравар қисқарган. Ички ишлар органлари феълан рус тилини билмайдиган кишилар қўлидаги қарийб 5 минг сертификатни қабул қилишдан бош тортишган.

Россиядаги мигрантлар учун рус тилидан имтиҳон топшириш тартиб-қоидалари 2024 йил 1 майидан кучайтирилган. Бу имтиҳонни иш учун рухсатнома ёки патент, Россияда вақтинча бўлиш ёки яшаш учун рухсатнома олишни режалаганлар топширишади. Янги тартибга мувофиқ, рус тили бўйича имтиҳон ўтказиш ҳуқуқи бундан буён фақат давлат муассасаларига берилади. Ҳозирда имтиҳон ўтказиши мумкин бўлган ташкилотлар рўйхатида Россиянинг ҳар бир минтақасида бўлган 12 та давлат ОТМ ва Москва ҳукуматидаги бир ташкилот бор.