Россияда шилқимликда айбланган ўзбекистонлик 14 йилга қамалди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Калининград вилоятида суд вояга етмаган қизалоққа тегажоғлик қилган ўзбекистонлик шахсга нисбатан 14 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

РИА Новости хабарига кўра, ўзбекистонлик 59 ёшли Ш. ўтган йилнинг август ойида Шевченко кўчасидаги уйлардан бирининг ёнида 11 яшар қизчани кўриб қолган.

У автобус бекатигача бўлган йўлни кўрсатиб қўйиш баҳонасида қизчани меҳмонхона томонга олиб кетган. Йўлда у қизчага ўпишишни таклиф қилган, қизалоқ буни рад қилган.

“Эркак унинг футболкасини ечишга ҳаракат қилган, қизча қаршилик қила бошлагач эса унинг юзидан тишлаб олиб, велосипедига ўтириб, кетиб қолган”, дейилган агентлик хабарида.

Суд ўзбекистонлик эркакни Россия Жиноят кодексининг “14 ёшга етмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатган ҳолда шаҳвоний ҳаракатлар содир этганлик” моддаси бўйича айбдор деб топган.

Суд қарори билан 14 йилга кесилган ўзбекистонлик Ш. жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайдиган бўлган.