Шимолий Осетия тоғларида Россия Ҳаво-космик кучларига тегишли Су-34 қирувчи учоғи қулаб тушди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, учоқ экипажи ҳалок бўлган.
Вазирлик қайдича, учоқ режадаги машқ парвозини бажариш чоғида қулаб тушган.
ТАСС агентлигининг республика тезкор хизматларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Су-34 бортида икки учувчи бўлган.
Дастлабки маълумотга кўра, учоқ қулашига техник носозлик сабаб бўлган. “Учоқ кимсасиз жойга қулаган. Учоқ қулаган ерда вайронгарчилик йўқ”, дейилган хабарда авиаҳалокатга оид бошқа тафсилотлар келтирилган эмас.
Маҳаллий турғунлар аввалроқ “База” телеграм-каналига тоғда номаълум учувчи аппарат қулаганини кўрганлари маълум қилишган. Гувоҳларга кўра, у ярим тунга яқин Тоғли Дзуарикау қишлоғи ҳудудидаги қояга бориб урилган.
Худди шу русумдаги учоқ 2022 йил 17 октябрида Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳридаги тўққиз қаватли уй ҳовлисига қулаган эди. Ўшанда унинг бортида тўла ўқ-дори билан парвоз қилаётгани айтилган. Авиаҳалокат натижасида ёнғин бошланиб, 15 киши ҳалок бўлган, 50 чоғли одам яраланган. Расмийлар ҳалокатга учоқ двигателига қуш кириб кетганини сабаб бўлганини билдиришган.
2023 йил 12 августида Калининград вилоятида Су-30 қирувчи учоғи қулаб тушган, экипаж аъзолари ҳалок бўлган.
Яна ўтган йилнинг 12 сентябрида Волгоград вилоятида Су-24 бомбардимончи учоғи қулаган. Бу ҳодисада бир ҳафта ўтиб эса Воронеж вилоятида Су-34 қирувчи учоғи қулаб тушган. Ҳар иккала учоқ экипажи омон қолишга муваффақ бўлган. Ўша пайтда ҳам Россия Мудофаа вазирлиги учоқлар ўқ-дорисиз машқ парвозларини амалга ошираётган бўлганини ва кимсасиз жойга қулаганини маълум қилган.
Жорий йилнинг 19 апрелида Ставрополь ўлкасида ракета ташувчи Ту-22М3 учоғи қулаган, экипажнинг бир аъзоси ҳалок бўлган.
Россия Мудофаа вазирлиги мазкур авиаҳалокатларнинг ҳаммасига “техник носозлик” сабаб бўлганини билдирган.