Москвада тележурналист ва ҳуқуқ фаоли Николай Сванидзе 69 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Московский комсомолец” газетаси хабар қилди. Бу маълумотни ҳуқуқбон Ева Меркачёва ҳам тасдиқлаган.
Қайд этилишича, Сванидзе сўнгги йилларда оғир хаста бўлган: унга бош мия ишемияси ташхиси қўйилган эди.
Россия телевидениеси дарғаларидан бири бўлган Николай Сванидзе турли ижтимоий-сиёсий дастурларни олиб борган, ўтган асрнинг 90-йиллари охирида эса ВГТРК раиси лавозимида ҳам ишлаган.
У “Россия” телеканалида “Кўзгу” (“Зеркало”) таҳлилий дастурини олиб борган. 2013 йилдан 2022 йилгача “Кумуш ёмғир” (“Серебряный дождь”) радиостанциясида ишлаб, у ерда янгиликлар ва тарихга оид дастурларни олиб борган. Бунгача эса у “Россия-1” телеканалида “Тарихий хроникалар” (“Исторические хроники”) кўрсатувига бошловчилик қилган.
РФ қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил 24 февралида у жонли ёйинда Россиянинг Украинага хуружини “сабабсиз ва турткисиз ҳужум” деб атаган эди. Кейинроқ у бир неча бор бу “қонли уруш”нинг Россия учун оқибатлари ёмон бўлиши ҳақида гапирган.
2022 йил ноябрида Россия президенти Владимир Путин бошқа бир неча ҳуқуқ фаоли ва журналистлар билан бир қаторда Николай Сванидзени ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашдан чиқариб юборган. Путин улар ўрнига кенгашга Россияда ҳарбий кун тартибини илгари сураётганларни қўшган.
2022 йил декабрида Сванидзе Россия давлат гуманитар университети қошидаги Массмедиа ва реклама институти директори лавозимидан бўшатилган – бу лавозимда у 12 йил ишлаган эди.