Москва вилоятининг Ступино шаҳар суди адоват қўзғатганликда (Россия Жиноят кодексининг 282-моддаси 2-қисми) айбланган “Ватандош” ўзбеклар жамияти раиси Усмон Баратовни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда SOTAvision нашри хабар қилди.
Баратовга қарши жиноят иши очилишига унинг “Одноклассники” ижтимоий тармоғига товуқлар акс этган сурат карикатура жойлагани сабаб бўлган. Мазкур карикатурада товуқлардан бири “Тухум бўлиши учун хўрозларни урушдан қайтаринглар” деяётганини кўриш мумкин.
2023 йил декабрида ёйинланган постга Z-пабликлар ва россиялик ҳарбий мухбирлар эътибор қаратиб, бу борада Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинга мурожаат қилишган, у эса, ўз навбатида, Баратов устидан жиноят иши қўзғатиш ҳақида топшириқ берган. Кремлпараст Readovka канали муаллифлари Баратов Россия фуқароси эканини ёзишган.
Усмон Баратов ўз иши бўйича лингвистик экспертиза нотўғри ўтказилгани, Россия судида ўтказилган жараён эса ноқонуний бўлиб ҳисобланишини билдирган. Баратовнинг фикрича, унинг иши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида кўриб чиқилиши лозим эди.
Россия Тергов қўмитасининг Москва бошқармаси Баратов сўроқ пайтида ўзига билдирилган айбловни тан олмаганини маълум қилган. Терговчилар уни постини “Россия фуқаролари орасидаги бир гуруҳ кишилар, шу жумладан, махсус ҳарбий амалиёт иштирокчилари обрў-эътиборига путур етказувчи” деб топганлар. Махсус ҳарбий амалиёт деганда россиялик расмийлар Украинага қарши кенг кўламли босқинни назарда тутишади.
Усмон Баратов 2024 йил февралида Россия Адлия вазирлиги талаби билан “экстремистлар ва террорчилар” рўйхатига киритилган эди.