Россияда военкоматни ёқишга уринган шахс 10 йилга қамалди

Иллюстратив сурат

Самарадаги Марказий округ ҳарбий суди жорий ой бошида ҳарбий комиссариат биносини ёқишга уринган пермлик Владислав Дилмухаметовни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. У террор фаолиятига кўмаклашганлик (Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1-қисми 1-банди) ҳамда террор хуружига ҳозирланганликда (РФ Жиноят кодексининг 30-моддаси 1-қисми ва 205-моддаси 1-қисми) айбдор деб топилган. Бу ҳақда “Зона солидарности” лойиҳаси маълум қилди.

Суд қаноатича, Дилмухаметов 2022 йилда Пермдаги военкоматлардан бирини қўлбола ёнувчи мослама ёрдамида ёқиб юборишни режалаган. У кўзлаган ишини амалга оширишга улгурмай туриб қўлга олинган. У 10 йиллик муддатнинг тўрт йилини қамоқда, қолган олти йилини эса қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.

Тергов иддаосича, Дилмухаметов бино ўт қўйишдан олдин бир таниши билан ёзишмалар олиб борган ва гўё “унда ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишда иштирок этиш истагини шакллантирган”.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан буён Россияда ҳарбий комиссариатларга ўт қўйишга уриниш ҳолатлари кўп кузатилган. Россиялик ҳуқуқ-тартиботчилар кўпинча “диверсантлар” биноларга ўт қўйишга “буюртма”ни “Украинадаги кураторлари”дан олганини иддао қилишади. Бунақа “кураторлар” ҳақиқатан ҳам мавжудлиги ёки улар қўлга олинганига оид маълумотлар очиқ манбаларда йўқ.