Россия Давлат думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси 3 май куни россиялик фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун лойиҳасига киритилажак ўзгартишларни маъқуллади. Ўзгартишларда Адлия вазирлиги томонидан хорижий агентлар рўйхатига киритилган россияликларга ҳар қанақа ҳокимият органларига сайловда ўз номзодларини кўрсатиш бўйича тақиқ кўзда тутилган.
Бундан ташқари, қўмита “хорижий агентлар”га ҳар қандай сайловда кузатувчи ёки номзодларнинг ишончли шахси ўлароқ фаолият юритишни тақиқлашга оид тузатишни ҳам маъқуллаган.
“Хорижий агентлар”га сайланиш ва сайлов комиссиялари аъзоси бўлишни тақиқлаш талаби жорий йилнинг апрель ойида “Справедливая Россия - За правду” партияси томонидан илгари сурилган, бироқ ўшанда лойиҳа қайта ишлаш учун чақириб олинган эди.
Қонун лойиҳасига бу қадар ошиғич ўзгартишлар киритилишига “хорижий агент” ўлароқ тан олинган россиялик фуқароларнинг шу йил сентябрь ойида бўлиб ўтажак сайловларда Москва шаҳар думасига ўз номзодларини кўрсатиш бўйича кампания бошлаш ташаббуси билан чиқаётгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Тахминларга кўра, Москва шаҳар думасига пойтахтдаги барча сайлов округларидан 45 нафар “хорижий агент” ўз номзодини қўйишга уринади.