Ўзбек муҳожири 7 яшар қизалоққа жинсий тажовуз қилганликда айбланмоқда

Санкт-Петербургда ўзбек ватандоши 7 яшар қизалоққа жинсий тажовуз қилганликда айбланмоқда. 31 яшар ўзбек муҳожири болалар боғчаси ҳудудида болага ташланиб, унга нисбатан жинсий тажовуз қилганликда гумонланиб қўлга олинган.

Петербургда 1986 йилда туғилган Ўзбекистон ватандошига нисбатан тергов ишлари ўз якунига етди.

Россия Тергов қўмитаси Санкт-Петербург бўйича бошқармаси тарқатган маълумотга кўра, ўзбек муҳожири (Taҳр: Озодлик муҳожир исмини тергов сири важидан очиқламайди) болалар боғчаси ҳудудида уйнаб юрган 7 яшар қизчага жинсий тажовуз қилганликда айбланди.

"Тергов тахминларига кўра, 2016 йилнинг 3 ноябрида айбланувчи Очаковский кўчасида жойлашган болалар боғчаси ҳудудида 7 яшар қизчага нисбатан жинсий тажовуз ҳаракатларини амалга оширди. Тергов томонидан бу ҳодиса юзасидан етарли исбот-далиллар йиғилди, жиноий иш суд маҳкамасига кўриб чиқиш учун юборилди", дейилади хабарда.

Озодлик полициядаги манбаларидан аниқлашича, шаҳарнинг Марказий туманида кечки пайт содир бўлган бу ҳодисада жабрланган 7 яшар қизалоқ ақлан заиф бўлган: бу болалар боғчаси айнан ривожланиши сустлашган болаларга мўлжалланган махсус муассаса экани маълум бўлди.

Терговчилар ўзбекистонлик боғчада ўйнаб юрган болалардан бирини бутазорда тутиб олган ва "шимини ечиб, кизчага нисбатан жинсий характерга эга зўрлаш ҳаракатлари”ни амалга оширганини тергов хулосасида қайд этди.

Бу қизалоқнинг кўрсатмалари асосида бироз вақтдан кейин педифилликда айбланаётган мигрант полициячилар томонидан қўлга олинди.

Санкт-Петербург бўйича Тергов қўмитаси ходимлари 31 яшар Ўзбекистон ватандошини Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 132 моддаси, 4 қисми, “б” банди (“жинсий характерга эга зўравон амаллар”) асосида жавобгарликка тортди.

Бу модда асосида суд исми тергов томонидан ошкор қилинмаётган шахсга нисбатан 12 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинлаши мумкин.