Россиядаги инфляциянинг ҳақиқий даражаси расмийлар очиқлаган кўрсаткичдан беш баравар кўп бўлиб чиққан. Бу ҳақда The Moscow Times нашри “Ромир” тадқиқот холдинги экспертлари ҳисоб-китобларига таянган ҳолда хабар қилди.
Таҳлилчилар ҳисобига кўра, жорий йилнинг июнь ойи охирига келиб FMCG тоифасига кирувчи товарлардаги инфляция даражаси йиллик 17 фоизни ташкил қилган. Бу тоифага косметикадан гигиена воситаларигача, озиқ-овқат маҳсулотларидан дори-дармонгача – кундалик ҳаёт учун зарур бўлган товарлар киради. Айни пайтда, агар расмий статистикага ишонилса, Россияда истеъмол нархлари кўрсаткичи бор-йўғи 3,25 фоизга ошган, холос.
Қайд этилишича, инфляция даражасини 500 та товар ва хизматдан иборат виртуал саватга кўра ҳисоблайдиган Росстатдан фарқли ўлароқ “Ромир” нархларни Россия шаҳарлари турғунлари томонидан амалга оширилган 15 миллионта реал харид асосида ўлчаган. 2023 йилнинг январь ойи бошидан буён шу йўл билан ҳисобланган инфляция даражаси Россияда 16 фоизни ташкил этган, ваҳоланки, Росстат бу даврга нисбатан 2,7 фоизлик кўрсаткични эълон қилган эди.
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан бери, “Ромир” экспертлари ҳисоб-китобига кўра, истеъмолчилар учун инфляция 47 фоизга етган.
Июнь ойида Россия президенти Владимир Путин Петербургдаги иқтисодий форумда чиқиш қиларкан, мамлакатда инфляция даражаси 2,9 фоизни ташкил этишини билдирган. Бу эса, унинг фикрича, “ғарбдаги кўплаб мамлакатлардагидан анча паст” ва “тарихий минимумга яқин”дир.