Россиядаги ишлаб чиқариш корхоналарининг кўпчилиги Украина уруши ортидан киритилган Ғарб санкциялари туфайли ололмай қолган жиҳозлар ва эҳтиёт қисмлар ўрнини Хитойдан келтирилган жиҳозлар билан тўлдирмоқда. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри Гайдар институтининг январь ойида ўтказилган сўрови натижаларига таянган ҳолда хабар қилган.
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 67 фоизи эндиликда зарур асбоб-ускуналарни Хитойдан олаётганини айтишган, ХХРдан эҳтиёт қисмларни импорт қилаётган респондентлар эса сўралганларнинг 63 фоизини ташкил қилган.
Айни пайтда айрим респондентлар ҳалигача санкция рўйхатига кирган жиҳоз ва эҳтиёт қисмларини импорт қилаётганини тан олишган.
Сўров чоғида Россиядаги корхоналарнинг бешдан бири ҳеч қачон санкция остига тушган таркибий қисмлардан фойдаланмагани аниқланган. Айрим компаниялар эса товар импортидан бутунлай воз кечишга мажбур бўлган.
Гайдар институти томонидан 2022 йили ўтказилган сўровларда россиялик саноатчилар учун Хитойдан келтирилган асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмларига ўтиш мажбурий чора бўлгани, корхоналар ҳатто қимматроқ нархда бўлса ҳам, Европа товарларини афзал кўришлари қайд этилган.
Ўтган йилнинг 24 февралида Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирган эди. Бунга жавобан АҚШ ва ЕИ давлатлари томонидан мунтазам равишда Россиядаги ташкилотлар билан ҳамкорликни тақиқловчи ёки чекловчи санкцияларни жорий қилиб келмоқда.