10 ноябрь куни Россиянинг Пенза вилоятида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.
Ўзбекистоннинг Қозондаги бош консулхонаси маълумотига кўра, М-5 федерал трассасининг 738-километрида рўй берган авария оқибатида 3 киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Улардан бирининг ўзбекистонлик бўлгани маълум, икки марҳумнинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқланмоқда.
Шунингдек, жароҳатланган икки йўловчи Пенза вилояти Кузнецк туманлараро шифохонасига ётқизилган.
Бош консуллик ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга қайтариш ва жабрланганларга тиббий муолажа кўрсатишни назоратга олганини билдирган.
Пенза вилояти Давлат автомобиль назорати хизматининг аниқлик киритишича, 1970 йилда туғилган эркак бошқарувидаги “КамАЗ” ва 1996 йилда туғилган эркак бошқарувидаги“Cobalt автомашиналари тўқнашган. Оқибатда Cobalt ҳайдовчиси ва унинг икки йўловчиси (1980 ва 1965 йилда туғилган эркаклар) вафот этган. Яна икки йўловчи – 1995 йилда туғилган аёл ва эркак (унинг шахси аниқланмоқда) шифохонага ётқизилган.
Озодлик аввалроқ Қозоғистоннинг Манғистау вилояти ҳудудида рўй берган ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг олти фуқароси ҳалок бўлгани, яна тўрт нафари шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар қилганди.
Daryo.uz нашри ҳисоб-китобига кўра, 2017-2022 йиллар орасида Қозоғистон ва Россияда рўй берган автоаварияларда 80 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган.