Россияга кираётган мигрантлар учун янги тартиб-қоидалар ишга тушди

Россиядаги аэропортда қайддан ўтиш учун навбат кутаётган қирғизистонликлар (иллюстратив сурат)

Шу йилнинг 29 декабридан эътиборан Россияга ишлаш учун борган чет эл фуқароларига 30 кун ичида тиббий кўрик ва давлат дактилоскопик қайдномасидан ўтиш ҳамда фотосуратга тушиш мажбурияти юклатилган. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Тиббий кўрик чоғида шахснинг наркотик ёки психотроп моддалар истеъмол қилиши ёки қилмаслиги, шунингдек унда инфекцион хасталиклар бор-йўқлиги текширилади.

Дактилоскопик қайд жараёнида бармоқ излари олинади. Бунинг учун фуқаролар ҳудудий ички ишлар бўлимларига шахсан бориб, паспорт ҳамда тиббий текширувдан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари лозим.

Чет мамлакатлар фуқаролари ушу тартиб-таомилларни бажармаган тақдирда уларнинг Россияда вақтинча бўлиш муддати қисқартирилади.

Қирғизистон ТИВ маълумотига кўра, ушбу мажбурият Россияга меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мақсадда келган фуқароларга ҳам тегишли: тиббий текширувдан ўтиш ва бармоқ изларини топшириш учун уларга 90 кун муҳлат берилган.