Россия Федерациясида Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган меҳнат муҳожирлари дохил чет эллик фуқаролар ҳарбий хизматга мажбуран чақирилаётгани тўғрисида Интернет тармоғида тарқалаётган мишмишлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
Дипломатлар иддаосича, “бадният кимсалар” Россия ИИВнинг сохта буйруғини асос қилиб олган ҳолда Россияда вақтинча юрган ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонликлар ҳам қисман мобилизацияга жалб қилинажаги ҳақида ёлғон хабарлар тарқатмоқдалар. Мазкур хабарларга кўра, мигрантлар шартнома тузишдан бош тортган тақдирда, гўё иш учун рухсатномаси бекор қилиниб, ватанига депортация қилинади.
Элчихона Россияда юрган ўзбекистонликларни турли провокацияларга берилмасдан, фақат расмий маълумотга қараб иш тутишга чақирган.
Жорий йилнинг 21 сентябрида Путин Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилган. Президент фармонида Украинадаги урушга Россия паспортига эга бўлмаган хорижликларни жалб қилиш кўзда тутилган эмас.