Малидаги россиялик ҳарбий йўриқчилар ҳукумат кучлари махсус амалиёт ўтаётган ҳудудлар аҳолисини оммавий қатл этишда қатнашганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабарномасида айтилган.
Халқаро ташкилотга кўра, Мали жанубида жойлашган Мура шаҳри теварагидаги қишлоқларда яшаган камида 300 кишининг қатл этилишида россиялик ҳарбийларнинг қўли бор. Россияликлар Мали армияси билан бирга рейдлар ўтказиб, муҳтамал “исломчи жангарилар” ва уларга “ёрдам берган” кишиларни қўлга олишган ҳамда гуруҳ-гуруҳ қилиб отиб ўлдиришган.
Human Rights Watch Мали армиясини ҳарбий жиноятларда тўғридан-тўғри айблаган.
“Ушбу қатллар – Малида қуролли можаро давом этаётган сўнгги ўн йил ичида юз берган энг мудҳиш хунрезликдир”, дейилган ташкилот сайтида эълон қилинган хабарномада.
2021 йил декабрида Мали ўтиш даври ҳукумати мамлакатда икки томонлама битим доирасида россиялик ҳарбий йўриқчилар ишлаётганини маълум қилган эди. Улар Россия армияси хизматчилари эмас, балки “Вагнер хусусий ҳарбий ширкати”нинг ёлланма аскарлари экани тахмин қилинади.