Россиялик полициячиларга мамлакатни тарк этиш тақиқланди

Россияда полиция ходимларига мобилизация даврида мамлакатдан чиқиш тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда Ленинград вилоятида фаолият юритувчи 47news.ru ҳамда “База” нашрлари хабар қилди. Россия Саёҳат операторлари ассоциациясидан олинган мазкур маълумотни ИИВдаги икки манба тасдиқлаган.

Ленинград портали хабарига кўра, полициячиларнинг хорижга чиқишини тақиқловчи буйруқ ИИВ раҳбари Владимир Колокольцев томонидан берилган. Агар чипта Россияда мобилизация эълон қилинган кун – 21 сентябргача олинган бўлса, бундай чипта эгаларининг чет элга чиқиши ман қилинмайди. “База” хабарига кўра, буйруқ 23 сентябрь куни имзоланган.

Нашр, ИИВ ходималаридан бири ўз чиптасини мобилизация эълонидан аввал сотиб олганига қарамай, у Россиядан чиқарилмагани ҳақида ёзган. Бундан ташқари, давлат сиридан бохабар полиция ходимларига ўзларининг хорижга чиқадиган паспортларини топшириш буюрилган.