“Евронигоҳ-2021”да Россияни тамсил этаётган қўшиқчи Манижа Ҳолландиянинг Роттердам шаҳрида бўлиб ўтаётган танлов финалига йўлланма олди.
Озодликнинг рус хизмати хабарига кўра, ярим финалда Манижа Russian Woman (“Рус аёли”) қўшиғини ижро этган. Қўшиқчи саҳнада бутун Россиядан турли миллатга мансуб аёллар йўллаган матолардан тикилмиш кўйлакда пайдо бўлган.
РИА “Новости”га берган интервьюсида Манижа мазкур кўйлак аёлга “озод бўлиш”га имкон бермаётган кўп асрлик анъаналар рамзи эканини айтган.
“Евронигоҳ”нинг 22 май куни бўлиб ўтадиган финал босқичида Манижадан ташқари Норвегия, Исроил, Озарбайжон, Мальта, Литва, Кипр, Швеция, Бельгия ва Украина вакиллари ҳам иштирок этишади.
Қўшиқчи Манижа 1991 йили Тожикистонда туғилган, бир неча йил кейин эса унинг оиласи Россияга кўчиб ўтган. У 12 ёшидан бери қўшиқ айтади.
Манижанинг номзоди “Евронигоҳ”га кўрсатилганидан кейин интернет тармоғида қўшиқчи ҳақида ксенофобик изоҳлар пайдо бўла бошлаган. Тергов қўмитаси эса адоват қўзғатиш унсурлари бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида унинг қўшиғи матни устидан текширув бошлаган.