БМТ Хавфсизлик кенгаши 9 июль куни Киевдаги болалар касалхонасига Россия томонидан берилган ракета зарбалари оқибатлари масаласини кўриб чиқади. Бу ҳақда Reuters агентлигига дипломатик манбалар маълум қилишган.
Россия 8 июль куни Киевдаги болалар касалхонасига ва Украинанинг бошқа шаҳарларига ракеталар отган. Бу ялпи зарбалар натижасида қурбон бўлган тинч аҳоли вакиллари сони, Украина президенти Владимир Зеленскийга кўра, 37 нафарга етган. Қурбонларнинг уч нафари болалардир. 13 бола дохил яна 170 киши тан жароҳати олган.
“Умумий ҳисобда қарийб 100 та объектга: болалар касалхонаси, оддий уйлар, боғчалар, туғруқхона, коллеж, бизнес-марказга шикаст етган”, деган Зеленский ракета зарбасига нишон бўлган жойларда ишлар олиб борилаётганини қўшимча қилган.
Душанба куни россиялик ҳарбийлар Украинага қарата турли русумдаги қирққа яқин ракета отишган. Киев, Днепр, Кривой Рог, Покровск, Славянск ва Краматорск каби шаҳарлар ҳужумга учраган. Бу ҳужумлар қурбонлар сони бўйича 2024 йилдаги энг қонли ҳужум бўлган.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россия зарбаларини кескин қоралаган. У болалар касалхонасига ва соғлиқни сақлаш тизимининг яна бир объектига берилган ракета зарбасини “айниқса шокка туширувчи” деб атаган. Бу ҳақда бош котиб вакили Стефан Дужаррич маълум қилган.
“Тинч аҳолига ва фуқаровий объектлар бўйлаб зарбалар берилиши халқаро гуманитар ҳуқуқ билан тақиқланган. Бу каби ҳужумларнинг ҳар қанақасига йўл қўйиб бўлмайди ва улар зудлик билан тўхтатилиши лозим”, дея билдирган Гутерриш вакили.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг мажлиси сешанба куни эрталаб Буюк Британия, Франция, Эквадор, Словения ва АҚШ талабига кўра чақирилади.
“Биз Россиянинг касалхонага қарата қўрқоқларча ҳужумини қоралаймиз”, дея билдирган Британиянинг БМТдаги доимий вакили Барбара Вудворд Х тармоғидаги саҳифасида қолдирган постида.
Россия Мудофаа вазирлиги қўшинлар зарбаларни Украинанинг мудофаа саноати объектлари ва учоқлар турган жойларга берганини билдирган. Вазирлик тинч аҳоли ўққа тутилганига оид айбловларни рад этган.
“Шунга қарамай, 2022 йил февралида бошлаган босқиндан буён Россия қўшинлари томонидан кўп минглаб тинч аҳоли вакили ўлдирилган”, дея урғулаган Reuters агентлиги.