Россиянинг Марселдаги консулхонаси ҳудудида портлаш содир бўлди

Иллюстратив сурат

Иллюстратив сурат

Россиянинг Марселдаги бош консулхонаси ҳудудида 24 февраль куни портлаш содир бўлди. Бу маълумотни La Marseillaise нашрига Россиянинг Марселдаги бош консули Станислав Оранский тасдиқлаган.

Аввалроқ Франция нашрлари дипломатик ваколатхона яқинида портлаш содир бўлгани ҳақида ёзишган. Уларнинг маълумотига кўра, портлаш маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8 ларда рўй берган. BFMTV телеканали полициядаги манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда консулхона биносига ичига ёнувчи суюқлик тўлдирилган иккита шиша отилгани, бу шишалар боғ ичида сингани ҳақида хабар қилган.

Valeurs Actuelles нашри мухбири ҳодиса чоғида ҳеч кимга зиён етмагани, фақатгина моддий зарар етказилганини маълум қилган. Ундаги маълумотга кўра, консулхона яқинида ўғирланган автомобиль топилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Марселдаги портлаш “террор хуружининг барча белгиларига эга”лигини билдирган.

“Аккредитация қилган мамлакатдан ҳодиса тергови бўйича тўла-тўкис маълумот берилиши ва тезкор чоралар кўрилишини ҳамда Россия хориждаги ваколатхонасининг хавфсизлигини кучайтириш бўйича қадамлар қўйилишини талаб қиламиз”, дея билдирган Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.

Россиянинг Марселдаги бош консулхонаси Амбруаз-Пар авенюсида жойлашган. Унинг яқинида Миср, Тунис, Арманистон ва бошқа мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари бор.