Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги уруш фонида Марказий Осиёдаги нодавлат ташкилотлари аксилроссия фаолиятини кучайтиргани тўғрисида баёнот берди.
27 февралда Мудофаа вазирлиги коллегиясида бу ҳақда гапирган Шойгуга кўра, Марказий Осиёда “юздан ортиқ йирик ғарбпараст нодавлат ташкилотлари” фаолият юритмоқда, уларнинг 16 мингдан кўпроқ ваколатхона ва филиаллари бор.
“Махсус ҳарбий амалиёт фонида бу нодавлат ташкилотлари Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги ҳарбий-техник, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни озайтириш мақсадида ўзларининг аксилроссия фаолиятини кучайтирган. Бу борада биз огоҳлантирувчи чораларни кўрмоқдамиз”, - деди Шойгу, бироқ айнан қандай чоралар кўрилаётгани тўғрисида аниқ маълумот бермади.
Шойгуга кўра, жорий йилда Марказий Осиёдаги асосий фаолият минтақа давлатларидаги инқирозли вазиятларни бартараф этишга қаратилади ва Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистонда еттита ҳарбий машғулот ўтказилади.
Россияда ўн йилдан кўпроқ вақтдан бери “хорижий агент” деб аталувчи қонун амалда қўлланилиб келинади. Россия Адлия вазирлиги мазкур қонун воситасида чет элдан молиялаштирилган ёки ўз наздида сиёсат билан шуғулланган нодавлат ташкилотларини “хориж агенти” деб эълон қилган. Қонунда сиёсий фаолият тушунчаси аниқ белгиланмагани ортидан ҳукумат маърифат, маданият, соғлиқни сақлаш, экология ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланган ўзига ёқмаган нодавлат ташкилотларини таъқиб қилмоқда. Бунинг натижасида Россияда кўплаб нодавлат фаолияти тўхтатилди.
Россия ананъавий тарзда Марказий Осиёни ўз таъсир ҳудуди сифатида кўриб келади. Қатор экспертлар Украина босқини ортидан Россиянинг минтақадаги таъсири сусайганини ва унинг ўрнини Хитой эгаллашга ҳаракат қилаётганини айтмоқда.