Россотрудничество Ўзбекистондаги Шерзод Қудратхўжа раҳбари бўлган ташкилотлар билан алоқани узди

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжа

Россиянинг МДҲ, хорижда яшаётган ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик ишлари бўйича федерал агентлиги (Россотрудничество) Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги жамоатчилик кенгаши билан ҳар қандай алоқаларни вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россотрудничество раҳбари Евгений Примаков баёнотига таянган ҳолда хабар қилди.

Примаковга кўра, Россотрудничество раҳбариятининг бундай қарорга келишига юқорида номлари саналган ташкилотлар раҳбари Шерзод Қудратхўжанинг “русофобча мулоҳазалари” сабаб бўлган.

Аввалроқ Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжа AlterEgo YouTube-каналига берган интервьюсида Карл Марксга иқтибосан бир мамлакатда яшаб, унинг тилини ўрганишни истамаган кишиларни “босқинчи ёки овсар” эканига ишора қилган эди.

Россотрудничество раҳбари Примаков Шерзод Қудратхўжадан бу мулоҳазаси учун узр сўрашни талаб қилган.

Россия нашрлари Примаков баёнотини ёйинлаётган бир пайтда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида таниқли инфлюенсерлар томонидан Шерзод Қудратхўжани дастакловчи қатор постлар қолдирилди.

Ана шундай постлардан бири блогер Шаҳноза Соатовага тегишли бўлиб, унда блогер “ЎзТвиттер фойдаланувчилари Шерзод Қудратхўжани "менинг янги кумирим" деб олқишлашлаётгани”га эътибор қаратган.

Блогер Хушнудбек Худойбердиев эса Примаковнинг баёнотини “рус шовинистларининг навбатдаги алжираши” дея баҳолаган.

Бу шовинистларнинг мантиғи кулгили: биз бошқа мустақил давлатларнинг ички ишига бурнимизни тиқишимиз нормал ҳолат, лекин улар ўз давлатида ўз она тилисини ҳурмат қилишларини талаб қилишга ҳаққи йўқ, деб ўйлайди”, деб ёзган ўзбекистонлик блогер.