Ғарбдаги қатор давлатлар лидерлари Москва Украинанинг босиб олинган ҳудудларида референдум ўтказишга ҳаракат қилаётганини қоралади.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Вашингтон бу референдумларни қоралашини билдирди. Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция президенти Эммануэл Макрон референдумларни “сохта” деб атади.
“Бу жуда тушунарли ҳолат, бу сохта референдумларни қабул қилиб бўлмайди ва уларнинг ўтказилиши халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келади”,-деди БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка келган Олаф Шольц.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг “бу референдумлар ҳеч қандай легитим кучга эга эмас ва Россиянинг Украинага нисбатан олиб бораётган агрессив урушининг характерини ўзгартира олмайди”, - деб фикр билдирди.
Канада ва Европа Иттифоқи ҳам референдумлар ўтказилишини кескин танқид қилди. Расмий Киев мазкур референдумларни тан олмаслигини билдирди.
Украина шарқидаги ўзини ДХР ва ЛХР деб номлаб олган тан олинмаган айримачи ҳудудларда ва Херсон вилоятининг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича 23-27 сентябрь кунлари референдумлар ўтказилиши кутилмоқда.