Россиянинг Ростов вилоятидаги ҳаво майдони йўловчи учоқлари қатнови учун ёпилиши муносабати билан жорий йилнинг 24 февраль куни Наманган – Краснодар йўналиши бўйича HY-9825 рейси билан парвоз қилган учоқ Наманган халқаро аэропортига мажбурий қайтмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Авиаширкат бекор қилинган рейс йўловчилари авиачиптани бепул бронлаш ёки тўлиқ қийматини қайтариб олиш ҳуқуқига эга эканини эслатган.
Айни пайтда Uzbekistan Airways йўловчиларни жадвалдаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида қўшимча равишда хабардор қилишини билдирган.
Ростов вилояти Украина шарқида россияпараст айирмачилар томонидан “ДХР” ва “ЛХР” деб номлаб олинган ҳудудлар билан чегарадош. Мазкур ҳудудлар куни кеча Москва томонидан мустақил республикалар ўлароқ тан олинган. 24 февраль тонгида эса Россия президенти Путин Донбассда ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилган.