Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан йиллик ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушган. Мамлакат сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-маданий ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича мавжуд 100 баллдан 45,73 балл жамғаролган, холос.
Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида мамлакатда хусусий телевизион тармоқ йўқлиги, давлат радиоси фақат расмий пропаганда билан шуғулланаётгани, ёпилиб кетишдан қўрққан хусусий радиостанциялар ҳар қанақа танқиддан тийилиши, матбуот эса давлат манфаатларига хизмат қилиши айтилган.
“15 га яқин интернет нашригина сифатли контент чоп қилади, улардан айримларининг таҳририятлари хорижда жойлашган. Улар орасида мамлакатда тўсиб қўйилган “Озодлик радиоси” ҳам бор”, дейилган RSF ҳисоботида.
“Чегара билмас мухбирлар” қайдича, Ўзбекистонда расмийлар оммавий ахборот воситаларининг катта қисмини ва ҳукумат билан тиғиз алоқада бўлган блогерларни назорат қилади. Ҳақиқий мухолифат қувғин қилинган ва фаолияти тақиқланган.
Ҳисобот муаллифлари мамлакатда ОАВга оид репрессив қонунларни бекор қилиш учун ўзбек расмийлари ислоҳотлар ўтказиши лозимлигини, мамлакатда таъқиб, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳали ҳам кенг ёйилганини урғулашган.
Шунингдек, Ўзбекистонда мулозимлар ҳеч иккиланмай журналистларга иқтисодий босим ўтказаётгани ёки уларни сотиб олишга уринаётганига, мустақил ОАВ ривожланишига феълан қонун билан тўсиқлар қўйилаётганига эътибор қаратилган.
36 миллион киши истиқомат қилувчи мамлакатда аҳолининг 60 фоизини 30 ёшдан кичик бўлган ёшлар ташкил қилиши урғуланган ҳисоботда бу гуруҳ вакиллари коррупция дохил расмий ОАВда қарийб ёритилмайдиган мавзулар бўйича Facebook, Telegram ва Одноклассники сингари ижтимоий тармоқларда ахборот алмашаётгани таъкидланган.
Бундан ташқари, RSF ҳисоботида 20 йиллаб қамоқда ўтирган журналистлар сўнгги йилларда озод этилган бўлса-да, улар реабилитация қилинмагани қайд этилган. “Блогерга аввалгидек таҳдид қилинмоқда ёки улар ҳибсга олинмоқда” дейилган ҳисоботда блогер Отабек Сатторий билан боғлиқ воқеа бунга мисол ўлароқ келтирилган. YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий туҳмат ва товламачиликда айбланиши ортидан 2021 йил 10 майида 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Ҳисоботда ўтган йил июлида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни ёритган журналистларга қарши қатағон ҳам “ҳукумат ҳар қандай ўзгача фикрлиликнинг жим бўлишга мажбур қилиш қарорида қатъий” эканини кўрсатгани эслатилган.
RSF ҳисоботига мувофиқ, Ўзбекистонга қўшни бўлган мамлакатларда ҳам сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳавас қиларли эмас. Дейлик, Қирғизистон ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 50 поғонага пастлаб, 132-ўринга тушиб қолган. Рейтингда Қозоғистон 134-ўринга, Тожикистон 153-ўринга, Туркманистон эса 176-ўринга қўйилган.
Матбуот эркинлиги индексида 1-ўрин аввалги йилларда бўлгани каби бу йил ҳам Норвегияга, энг сўнгги ўрин эса Шимолий Кореяга берилган.