“Чегарасиз мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилоти Украина ва Қозоғистон расмийларини журналист Айдос Садиқов ўлимида айбдор бўлганларни имкон қадар тезроқ топиш ва жавобгарликка тортишга чақирди.
“Қозоғистонлик мухолифатчи блогер Айдос Садиқовнинг Киев марказида шафқатсизларча отиб кетилиши жазосиз қолмаслиги лозим. RSF бу мисли кўрилмаган жиноят ортида ким турганини аниқлаш ва айбдорларнинг барчасини жавобгарликка тортиш учун Қозоғистон расмийларини шаффоф ва пухта тергов ўтказишда Украина расмийлари билан ҳамкорлик қилишга чақиради”, дея билдирган RSFнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлимлари раҳбари Жанна Кавелье.
Қозоғистонлик журналист Айдос Садиқов Украина пойтахтида отиб кетилганидан 13 кун ўтиб - 2 июль куни касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган эди. У асос солган “Бәсе” YouTube-каналида Қозоғистон расмийлари танқид қилинган видеоматериаллар ёйинлаб келинган.
Айдос Садиқовга суиқасд 18 июнь куни унинг Киевдаги уйи олдида содир этилган. Украина Бош прокуратураси суиқасдчи Айдос ва унинг рафиқаси ўтирган машина ёнига чопиб келиб, журналистга қарата ўқ узганини билдирган. Суиқасд ортидан у оғир аҳволда касалхонага олиб кетилган. Ҳодиса чоғида унинг рафиқаси жабрланмаган.
Суиқасдда қозоғистонлик икки фуқаро – Алтай Жақанбаев ва Мейрам Қаратаевлар гумонланмоқда. Ҳужумдан кейин улар воқеа жойидан яширинишган, кейин эса Молдовага чиқиб кетишган.
22 июнь куни Қозоғистон Бош прокуратураси Алтай Жақанбаев қўлга олинганини билдирган. Қозоғистон прокуратураси маълумотига кўра, унинг ўзи ички ишлар идораларига мурожаат қилган. Прокуратура баёнотига кўра, Қаратаевнинг қаердалигини аниқлаш учун тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Украинада Жақанбаев ва Қаратаевни сиртдан ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарилган ва улар халқаро қидирувга берилган.
Остона Садиқовга суиқасдда гумонланаётган Жақанбаевни Украинага бермаслигини билдирган.
“RSF бу сурбетларча содир этилган жиноятни қоралайди ҳамда Украина ва Қозоғистон расмийларини айбдорларни имкон қадар тезроқ топиб, жавобгарликка тортишга чақиради”, дейилган “Чегарасиз мухбирлар” баёнотида.
Қайд этилишича, ўн йилдан буён Украинада қочқин ўлароқ яшаётган эр-хотин Садиқовлар YouTube видеопорталида “Бәсе” каналига асос солишган. Қозоғистондаги воқеаларни ёритиб келаётган бу канал асосан коррупция масалаларига ихтисослашган бўлиб, миллиондан зиёд обуначига эга. Жиноят содир этилган куни Садиқовлар “Қозоғистон президенти россиялик таъсир агентларининг қўғирчоғига айланди” (“Президент Казахстана стал марионеткой российских агентов влияния”) сарлавҳали видеони ёйинлаган эдилар.
Айдос Садиқовнинг рафиқаси Наталья эрининг ўлими учун масъулиятни Қозоғистон расмийларига, хусусан президент Қасим-Жомарт Тоқаевга юкламоқда.
Қозоғистон RSF бу йилги матбуот эркинлиги рейтингида дунёдаги 180 мамлакат орасида 142-ўринни эгаллаган. “Чегарасиз мухбирлар” қайдича, Қозоғистон оммавий ахборот воситалари расмийлар томонидан йилдан-йилга кўпроқ босим ва цензурага учрамоқда. Жорий йил бошида расмий нашрга берган интервьюсида президент Тоқаев Қозоғистонда сиёсий таъқиб ва цензура йўқлигини билдирган эди.