“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти Украинанинг Краматорск шаҳридаги меҳмонхонага Россия қўшинлари томонидан берилган зарбани қоралаб чиқди ҳамда ҳодиса айбдорларини топиб, уларни жавобгарликка тортиш мақсадида синчковлик билан тергов ўтказишга чақирди. Мазкур ракета ҳужуми натижасида Reuters агентлигининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси қурбон бўлган, яна икки журналисти жароҳат олган эди.
“RSF Россиянинг ракета зарбаси оқибатида Reuters агентлигининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Райан Эванс ўлимини қоралайди ва зарбадан жабрланган унинг икки журналист ҳамкасби соғлиғидан (улардан бири оғир аҳволда) хавотирда. RSF айбдорларни топиш ва уларни жавобгарликка тортиш учун синчковлик билан тергов ўтказишга чақиради”, дейилган RSF’нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлими бошлиғи Жанна Кавелье баёнотида.
Ташкилот сайтида қайд этилишича, Райан Эванс Россия қўшинларининг кенг кўламли босқини бошланганидан буён Украинада хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган 12-ОАВ ходимидир. У 25 августга ўтар кечаси Краматорскдаги “Сапфир” меҳмонхонасига Россия томонидан берилган зарба натижасида қурбон бўлган.
“Сапфир” меҳмонхонасининг нишонга олиниши оқибатида Reuters тасвирчиси Иван Любиш-Кирдей яраланган. Бу ҳақда унинг хотини, “Суспільне” нашри журналисти Мария Семенченко маълум қилган. Семенченкога кўра, кўплаб жароҳат олган Любиш-Кирдей айни пайтда Днепрдаги касалхонада оғир аҳволда ҳушсиз ётибди. Любиш-Кирдей аввалроқ Озодликнинг “Current Time” лойиҳаси билан ҳам ҳамкорлик қилган эди.
Краматорскка берилган зарба пайтида Украинада фаолият юритувчи польшалик журналист Моника Андрушевска ҳам жабрланган. Polsat хабарига кўра, у меҳмонхонада яшаган эмас, зарба чоғида у бино ёнидан автомобилда ўтиб кетаётган бўлган.
Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан бери у ерда 100 дан зиёд украиналик ва халқаро журналист жабрланган. RSF Украина урушидаги ҳарбий жиноятлар юзасидан Украина Бош прокуратураси ва Халқаро жиноят судига (ХЖС) саккизта шикоят, шунингдек, Франция суд органларига иккита шикоят йўллаган.