Қирғизистон бундан буён Россия билан ўзаро ҳисоб-китобни тўлиғича рублда амалга оширади. Бу ҳақда 20 июль куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангелдиев маълум қилди.
“Биз тўлиқ рублга ўтдик, десак бўлаверади. Чунки Россия SWIFT тармоғидан узиб қўйилганидан сўнг ўзаро ҳисоб-китобларни бошқа валютада амалга оширишнинг имкони қолмади. Шунинг учун ягона муқобил валюта Россия рубли бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари Евросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида божхона тўловлари ҳам рубль ва қирғиз сомида амалга оширилмоқда”,-деди вазир.
Унга кўра, бундан олдин Қирғизистон Россиядан олинаётган газ ва бензин учун долларда ҳақ тўлар эди.
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Ғарб давлатлари Россияга доллар ва евро олиб киришни тақиқлади. Шунингдек, Россиянинг доллар ва евродаги захиралари музлатиб қўйилди.
Санкциялар ортидан Россия банклари SWIFT тизимидан узиб қўйилди, бу эса хориж валютасида ҳисоб-китоб қилишни оғирлаштирди.