Руминиядаги президент сайлови ортидан TikTok бош директори Европарламентга чақирилди

Руминиядаги президент сайловида ғалаба қозонган Кэлин Жоржеску

TikTok бош директори Руминиядаги президент сайловида платформа ролига оид саволларга жавоб бериши учун Европарламентга чақирилди. У ерда сайловнинг биринчи босқичида машҳур тиктокер ва ультраўнг қарашдаги сиёсатчи Кэлин Жоржеску ғалаба қозонган.

Тадқиқотчилар овоз бериш куни арафасида минглаб фейк аккаунтда яширин фаоллик кузатилганини айтишмоқда, дея хабар қилди Politico нашри. Президент сайловида номзод ўлароқ иштирок этган ва иккинчи босқичга ўтолмаган Руминия бош вазири Марчел Чолаку Жоржеску кампаниясининг TikTok томонидан молиялаштириб-молиялаштирилмаганини текшириш зарурлигини билдирди.

Politico қайдича, Жоржескуга партия дастаги берилган эмас ва сўровлар ҳам унинг сайловчилар орасида рейтинги баландлигини кўрсатмаган – эндиликда тадқиқотчилар бутун диққат-эътиборларини унинг сайлов арафасида TikTok платформасида олиб борган йирик кампаниясига қаратишган. Тадқиқотчилар иддаосича, TikTok “минглаган фейк аккаунтлар оқими”ни кўрган бўлиши лозим.

Биз TikTok бош директорини чиқиш қилишга ва унинг платформаси Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунни бузмаётганига кафолат беришга чақирамиз”, дея билдирган Европарламент депутати Валери Хайер.

TikTok Руминия сайловидаги ўзининг муҳтамал роли ҳақида изоҳ беришдан бош тортган.

Хитойнинг ByteDance ширкатига қарашли TikTok платформаси Европа Иттифоқида илк бор танқидга нишон бўлаётгани йўқ. 2023 йили Франция президенти Эммануэль Макрон TikTok’ни “айбсиздай кўрина оладиган” ва фойдаланувчилар орасида “ҳақиқий қарамлик”ка сабаб бўлаётган платформа деб атаган эди. Европа Иттифоқи платформага ҳали бирор марта йирик миқдорда жарима солмаган ёки санкция ҳам жорий қилган эмас.