Яқинда Россияда тил сиёсати соҳасида янги маслаҳат органи тузилди. Янги кенгаш тузилганидан икки ҳафта ўтиб унинг раиси Елена Ямполская “рус тили Россиянинг барча фуқаролари учун ягона она тили бўлмоғи керак”, деган иддао билан чиқди.
Озодликнинг “Idel.Реалии” лойиҳаси Кенгаш вазифалари билан танишиб, Ямполскаянинг сўзларини Россия туб халқларининг этник фаоллари билан бирга муҳокама қилди.
22 августда Владимир Путин РФ президенти ҳузурида Рус тилини ва Россия халқлари тилларини қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича кенгаш тузиш тўғрисида фармон имзолади.
Фармонда янги органнинг бирламчи вазифаси “президентга рус тили ва Россия халқларининг тилларини асраш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишлари ва механизмларини белгилашга доир таклифлар киритиш” экани қайд этилган. Кейин эса “рус тилини жаҳонда тарғиб қилиш ва рус тили мақомини мустаҳкамлаш” ҳақида сўз боради. Бошқа тиллар бўйича бунақа банд йўқ, демак, ташқи сиёсий рол фақат рус тилига берилмоқда.
Кенгаш таклифлар тайёрлашдан ташқари, федерал, регионал ва муниципал ҳокимият органлари, маданият ва таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотларининг айни масалалар (“рус тили ва Россия халқларининг тилларини асраш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш”) бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Кенгаш вазифалари рўйхатининг учинчи ва сўнгги бандида дунёда рус тили мақомини мустаҳкамлаш мақсади такрорланиб, сўнгра “рус тилининг қўлланиш жўғрофияси ва соҳаларини кенгайтириш” ҳамда “хориждаги русийзабон ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлаш” кўрсатилган.
Фармон Кенгашга барча даражадаги ҳокимият идораларидан “зарур материаллар”ни сўраб олиш, ҳукуматнинг маълумотлар банкларидан фойдаланиш, ўз йиғилишларига мансабдор шахсларни таклиф қилиш ва ўз вакилларини давлат органларининг кенгаш-маслаҳат тадбирларига йўллаш ваколатларини беради.
Айни фармон билан Путин янги тузилма таркибини тасдиқлади. Раис лавозимига унинг маслаҳатчиси, Татаристондан сайланган Дума депутати ва “Единая Россия” аъзоси Елена Ямполская тайинланган бўлса, “Родное слово” ташкилоти раҳбари Константин Деревянко – ўринбосар, Россиянинг Эрондаги элчихонаси қошидаги мактабнинг рус тили муаллими Олег Янковский Кенгаш котиби этиб белгиланди.
Кенгашнинг оддий аъзолари орасида актёр Сергей Безруков, ИТАР-ТАСС бош директори Андрей Кондрашов, бир неча театр, музей, кутубхона ва нашриёт мудирлари, университетлар ҳузуридаги рус тили институтлари раҳбарлари, шунингдек “Рус дунёси мактаб кутубхоначилари ассоциацияси” президенти Татьяна Жуковалар бор. Бундан ташқари, Кенгашга Украинанинг Россия босиб олган ҳудудларидан ҳам аъзолар олинган, улар: Мелитополдаги мактаб директори Нина Воронина, Қримдаги институтлардан бирининг ректори Александр Рудяков ҳамда Донецк университетининг филология факултети доценти Наталя Ярошенко.
Кенгашнинг салкам 50 аъзосидан атиги уч нафари миллий республикаларни ва туб халқлар тилларини тамсил қилади, булар: Қозон университетининг татар ва рус тилларида билингвал таълим бўйича мутахассиси Радиф Замалетдинов, бошқирд ёзувчиси Камил Зиганшин ҳамда Чеченистон Миллий кутубхонаси директори Сацита Исроилова.
Кенгаш тузилганидан бир неча кун ўтиши билан ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар бошланди. Бунга Кенгаш раиси Елена Ямполская, аниқроғи у ўз телеграм-каналида ёзган ушбу пост сабаб бўлди: “Рус тили – она тили демакдир. Назаримда, рус тили билан она тилини айро кўришга йўл қўймаслик лозим. Рус тили она тили эмас экан, Россия Ватан эмас”.
“Idel.Реалии” Россияда яшовчи турли халқларнинг миллий фаолларига мурожаат қилиб, улардан янги кенгаш тузилгани ҳақидаги хабарни ва Ямполскаянинг “рус тили – она тили демак” ва “рус тили она тили бўлмаса, Россия Ватан эмас” сўзларини изоҳлашни илтимос қилди.
Фарит Закиев, татар фаоли:
– Туб халқларга нисбатан давлат сиёсати ҳақида рўй-рост гапиргани учун Ямполскаядан миннатдорман. Ушбу сиёсат мажбурий ассимиляция ва руслаштиришни кўзлайди. Галдаги қадам – миллий республикаларни тугатиш бўлади. Она тилини билмайдиган ва миллий ўзига хослигини йўқотган одамлар миллий давлатчилик барҳам топишига ҳам лоқайд қарайдилар. Умид қиламанки, бунақа очиқ баёнотлардан сўнг биз фақат мустақил давлатлардагина ўз тилимиз ва халқларимизни сақлаб қола олишимизга ҳеч кимда шубҳа қолмаяжак.
Сирес Боляен, эрзя фаоли:
– Мокша халқи фарзанди Макар Шукшин 1933 йилда “тройка” қарори билан амакилари Игнатий ва Михаилга қўшиб отиб ташланган эди. Самара губерниясида яшаган бу одамлар мокша бўлса-да, иш материалларида “руслар” деб қайд қилинган. Марҳумнинг ўғли, ёзувчи Василий Макарович Шукшин барча руслардан ҳам “русроқ” бўлиб чиққани ва фақат рус тилида ёзгани сабабларидан бири шу, менимча. Унинг “Мот қилди” номли ҳикояси ёдингиздами?
Бугунги Россия жамияти менга ҳикоя қаҳрамонининг ҳамқишлоқларини, Глеб Капустин фан номзоди Константин Журавлёвни “ўтқизиб қўйганида” хурсанд бўлган ўша оломонни эслатади. Бу НКВД, КГБ ва уларнинг меросхўрлари “фаолияти”нинг мевасидир.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Тил сиёсати бўйича кенгаш раиси Елена Ямполская – Глеб Капустиннинг ўзгинаси. Унинг даъвосини инкор қилишдан маъно йўқ. Чунки бу жуда “русча” даъво: фитна ҳам бор, яккашлик ҳам, таҳдид ҳам.
Очиғи, Россияда ғайрирус тилларнинг ҳеч қандай мақоми йўқ. Улар мактаб ўқув дастуридаги “Православ маданияти асослари” билан “Сайёрамиздаги ҳаёт муҳитлари” фанлари орасидаги бир вариатив қисм, холос. Бир йилда 17 соат ўтилади бор-йўғи. РФ оталари таъбири билан айтганда, Кенгаш тузилиши – бизнинг тилларимиз, демакки, халқларимиз бошига қарата отилган назорат ўқдир.
Даавр Доржин, қалмиқ фаоли:
– Бунақа иддаолар ҳудудий ўзликка душман кўзи билан қаровчи бошлиқларнинг кўнглини олиш учун айтилади. Федерал ҳукумат ва ҳукумат тепасидаги рус миллатчиларидан фарқли ўлароқ, мен рус тилидан фойдаланиш масаласига хотиржам қарайман.
Аммо рус тилини она тилим дея олмайман, чунки ростдан ҳам бундай эмас. Умуман, аксар ғайрирус оилаларнинг рус тилидан бошқа тилда сўзлашиши табиий. Рус миллатчиларининг бунақа сапчишлари эса менга Франциско Франкони ва унинг каталан тилига қарши курашини эслатмоқда. Франкони бугун ит ҳам эсламайди, каталан тили эса яшашда ва ривожланишда давом этяпти.
Доржо Дугаров, бурят фаоли:
– Бурятларнинг она тили бурят тили экан, ватанимиз ҳам Россия эмас, Бурятиядир. Ўз тақдирини ўзи белгилашга ҳақли бурят халқининг уни асрлар бўйи камситиб келаётган Россия нацистик режимига жавоби шу. Бурятия – Россия эмас, рус тили ҳам биз учун она тили бўлолмайди.
Руслан Габбасов, бошқирд фаоли:
– Ямполскаянинг сўзлари Путин режимининг бугунги сиёсатига жуда ҳам мос келади. Зеро, Путин бошқарувининг илк палласидан Россия халқларининг ҳуқуқларига муттасил тажовузлар бошланган ва тилларни йўқ қилиш ушбу жараёнда муҳим ўрин тутади.
Эсингизда бўлса, 2007 йилда Кремл ҳудудий-миллий компонентни бекор қилгач миллий республикалар Москванинг рухсатисиз тарих, маданият, адабиёт, табиатшунослик бўйича ўз дарсликларини нашр қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганди. 2009 йилда ягона давлат имтиҳони (ЯДИ – ЕГЭ)ни фақат рус тилида топшириш мумкинлигига доир фармон чиқиши янада жиддий зарба бўлди.
Шундан сўнг Бошқирдистондаги бошқирд, татар, чуваш ва бошқа тилли мактабларни рус тилига ўтказишди. 5-синфгача бошқирд тилида ўқитиладиган мактаблар қолган, аммо барча “жиддий” фанлар рус тилига ўтказилган. 15-20 йилгина олдин физика, кимё, алгебра, геометрия ва информатика каби фанлар бошқирд тилида бўларди. Тайёрланган ўқитувчилар бор эди, факултетларда эса янгилари етишиб турарди. Ҳозир буларнинг ҳеч бири йўқ.
Навбатдаги зарба 2017 йилда берилди: Путин чиқиб: “Она тилини ўрганиш ихтиёрий бўлиши керак”, деди. Бунинг ортидан кўплаб бошқирд мактабларини, бошқирд тили ўқитувчиларини қисқартириб ташлашди. 2007 йилда республикада бошқирд тилида таълим берувчи 777 та мактаб бор эди, 2019 йилда улар атиги 212 та қолди. Россияда ғайрирус халқлар онгли равишда йўқ қилинмоқда, бошқача айтганда, лингвоцид жараёни кетмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Аида Абдрахманова, татар фаоли:
– Абсурд фармон ва абсурд орган. Алберт Разин ўзига ўт қўйганига беш йил тўлган ушбу кунларда бу ўтакетган сурбетликдир (2019 йил 10 сентябр куни Удмуртистон Давлат кенгаши биноси олдида удмурт олими Алберт Разин ўзига ўт қўйган эди. Унинг ёнидан удмурт халқи ва тилини қутқариш талаб қилинган транспарантлар топилган – таҳр.). Ғайрирус халқлар тилларини то йўқ бўлиб кетгунича “қўллаб-қувватлаш” эмас, балки чиндан асраш ва ривожлантириш лозим. Бунинг учун янги кенгашлар тузишга асло зарурат йўқ, бошланишига – мактабларда она тилини мажбурий ўқитишни бекор қилган қонуннинг ўзи бекор қилинса кифоя. 2018 йилда чиққан бу қонун руслаштиришни авж олдириб, тил ташувчилари сонини қисқартириш орқали этносларга зарба бермоқда.
Акс ҳолда, нима, Путин Россия тилларини ўзининг уларни йўқ қилишга қаратилган сиёсатидан “қутқариш”га чоғланяптими? Москва сиёсатига кўра, рус тили бу давлат ҳосил қилувчи тил ва миллатлараро мулоқот тили, Россияда бошқа ҳеч қанақа тил йўқ. Путин бутун президентлик муддатлари давомида ғайрирус халқаларни “русский мир”га қўшиб юбориш, миллий хослигимизни йўқ қилиш билан шуғулланмоқда.
Аммо бир нарсадан хурсандман: Кенгашни тузганлар “рус тилини она тили деб билмайдиганлар Россияни ватан деб ҳисобламаслигини тушунишади. Демак, мустамлакачиликни бекор қилиш ҳақидаги нарративлар Россия ичидаги мулозимлар аппаратига беихтиёр таъсир қила бошлаган.
Дониси Човганон, мокша фаоли:
– Ушбу баёнот Россиянинг барча туб халқларини “ўчоққа қаланадиган ўтин” деб билувчи қонхўр Кремл режимининг асл башарасини очади. Мокшаларни Москвага ҳудудий яқин бўлгани учун руслаштириш осон: фақат “рус олами” мансубларига ўз эшикларини очадиган ва социал лифтларга киргизадиган “империянинг буюклиги” ҳақидаги гаплар ўсиб келаётган авлод миясига қуйилади, вассалом.
Шу тариқа биз ҳар йили юзлаб, минглаб қардошларимиздан айриляпмиз. Улар ўзларини аввал “мордва” деб ёздиришяпти, вақт ўтиши билан ўзлари, болалари ва набиралари “топ-тоза рус” бўлиб олишяпти. ФСБнинг малайи, “жубба кийган иблислари” бугун “муқаддас уруш”га тарғиб қилаётган Рус православ черкови ҳам вазиятни оғирлаштиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бунақа шароитда Мордовия мактабларида мокша тили ва адабиётини ўрганиш минимумга тушганига ажабланмаса ҳам бўлади. Булар бари болалар бир қаричлигидан илдизини унутишлари учун қилинмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
2019 йилнинг январида Европа Кенгаши Миллий озчиликларни ҳимоя қилиш бўйича ҳадли конвенциясининг маслаҳат қўмитаси Россияни миллий сиёсати учун танқид қилган эди. Экспертлар “рус тилининг устунлиги тобора ортаётгани ҳолда миллий озчиликларнинг тиллари самарали қўллаб-қувватланмаётгани”дан хавотир билдиришган.
Ушбу манзарада 2020 йилда Россия Конституциясига рус тили Россиянинг давлаттузар халқи тили экани ҳақидаги қоида киритилди. Экспертларга кўра, Путин таклиф қилган мазкур тузатиш рус тилининг ҳукмронлик мақомини ва рус миллий ўзига хослигини қонунлаштирган ва мустаҳкамлаганки, бу Россиянинг бошқа туб халқларини руслаштириш ва мажбурий ассимиляция қилишни фақат тезлаштиради. Ушбу тузатиш фаоллар томонидан бир неча бор кескин танқид қилинган.
Аввалроқ ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар ишлари бўйича олий комиссари Ламберто Заньер Татаристонда татар тили давлат тили эканига қарамай, республикада ушбу тилни ўрганиш, унда маълумот олиш имкониятлари жуда чекланганини айтган эди. Халқаро мулозимга кўра, Татаристонда ЯДИ фақат рус тилида топширилиши уни ҳайратга солган.
2019 йилнинг март ойида Ирқчилик ва тоқатсизликка қарши Европа комиссиясининг ҳисоботи эълон қилинди. Ҳужжатда Россия, жумладан, ирқчилик ҳолатлари ва мусулмонларни сиёсий сабабларга кўра узоқ муддатларга қамаш тез-тез учраётгани учун танқид остига олинган.