Сўнгги беш йил ичида Адлия вазирлигини бошқариб келган Русланбек Давлетов вазирлик лавозимидан озод қилинган.
Президент матбуот хизматига кўра, Давлетов аввалги лавозимидан бўшатилганига президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани сабаб бўлган.
Хоразмда туғилган 42 ёшли Р. Давлетов Мирзиёев даврида вазирлик лавозимига тайинланган "ислоҳотчи кадр"лардан бири ўлароқ танилган.
Меҳнат фаолиятини 2001 йили Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси етакчи мутахассиси ўлароқ бошлаган Давлетов кейинроқ Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Президент девонида ишлагани ортидан 2017 йил августидан эътиборан адлия вазири сифатида фаолият кўрсатиб келган. Мазкур лавозимда у янги таҳрирдаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун ишлаб чиқилишига бош-қош бўлган ва бу соҳадаги ислоҳотларни ҳимоя қилиб келган.
Қайд этилишича, Р. Давлетов тайинланган ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими янги лавозим бўлиб ҳисобланади – шу пайтгача президент администрациясида бундай лавозим бўлган эмас.