Украина президенти Владимир Зеленский жорий ҳафтада мудофаа вазири ўзгариши тўғрисида маълум қилди. Президентга кўра, Алексей Резников ўрнига Давлат мулк фонди раиси Рустем Умеров тайинланади. Бу тайинлов парламент томонидан тасдиқлангач, Умеров лавозимга киришади.
«Алексей Резников уруш бошланганидан бери 550 кун бу лавозимни эгаллади. Менинг нуқтаи назаримча, вазирликка ҳарбийлар билан ҳам, жамоатчилик билан ҳам ҳамкорлик қилишда янгича шакллар ва ёндашувлар зарур», - деди Зеленский ўз қарорини изоҳлар экан.
Умеров 41 ёшда. У 1982 йилда Самарқанднинг Булунғур туманида 1944 йилда Қримдан депортация қилинган қримтатар оиласида туғилган. Умеровлар оиласи 1980 йилларнинг охирларида Қримга қайтган.
Умеров Украинада қатор инвестиция фондларига раҳбарлик қилган. 2019 йилда Олий Рада депутатлигига сайланган. 2022 йилда Россия Украинага уруш бошлаганидан сўнг музокарачилар гуруҳи таркибида бўлган. У 2022 йилда Давлат мулк фонди раиси лавозимига тайинланган.
Forbes журналининг украин таҳририяти Резников истеъфога чиққанидан сўнг Украинанинг Британиядаги элчиси лавозимига тайинланиши ҳақида ёзди. Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланган эмас.