Видеокамера кўтарган номаълум одамлар Минск аэропортига қўндирилган Ryanair учоғи учувчиларини гўё ўз ихтиёри билан қўнганини тан олдиришга уринган. Бу ҳақда авиаташувчи бош директори Майл О’Лири билдирди, дея хабар қилди Irish Independent газетаси.
Унга кўра, воқеа 23 май куни мажбурий қўнишдан кейиноқ содир бўлган. Учоқ бортига бир неча киши кўтарилган, уларнинг кимлиги ҳалигача номаълум. Учувчилар улар талаб қилган гапларни айтишдан бош тортганлар.
Йўловчилар ва экипаж аэропортга кўчирилганидан сўнг биринчи учувчи кабинада қолган ва у ердан фақат қуролли соқчи ҳамроҳлигида чиққан, деган О’Лири. У мазкур хатти-ҳаракатни “таҳдидли ва душманона муносабат”, дея баҳолаган.
О'Лири иддаосича, учоқ ҳали ерга қўнмасдан экипаж уни авиаширкатнинг Варшавадаги бошқарув маркази билан боғлаб беришни бир неча марта илтимос қилган, бироқ беларус диспетчери улар қўнғироққа жавоб бермаганини айтган. Аммо топ-менежер аслида бундай бўлмаганини таъкидламоқда. Юз берган бу воқеаларни у “халқаро авиациянинг мавжуд барча қоидаларини қасддан бузиш” деб атаган.
Грециядан Беларусь ҳудуди орқали Литвага учаётган Ryanair учоғи экипажи бортда теракт ҳозирланаётгани тўғрисида беларус диспетчеридан хабар олганидан сўнг Минскка қўндирилганди. Лайнер қўнганидан сўнг шу рейс йўловчиларидан бўлмиш мухолифатчи блогер Роман Протасевич ва унинг қиз ўртоғи, россиялик Софья Сапега қўлга олинган.
Беларусь расмийлари учоққа бомба ўрнатилгани ҳақида чиндан ҳам хабар олишгани, Протасевич ва Сапеганинг бу рейс билан учаётганини эса олдиндан билишмаганини айтмоқда. Бу иддаолар мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ. Евроиттифоқ мамлакатлари воқеани “учоқнинг расмийлар тарафидан босиб олиниши” ўлароқ баҳолаган.
Мажбурий қўнишдан сўнг Протасевич билан Сапегадан ташқари яна уч йўловчи учоқ бортига қайтмаган. Беларусь телевидениеси улар ўз манзилларига етиб олиш учун бошқа йўлни танлаганлари ҳақида лавҳа намойиш этган. Аммо О'Лири мазкур уч киши Беларусь Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари бўлганини иддао қилмоқда.