Грузия парламентининг “Ягона миллий ҳаракат” мухолифат партиясидан сайланган 9 нафар депутати 14 ноябрь куни собиқ президент Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватлаш мақсадида очлик эълон қилди.
Депутатлар очлик акциясини парламент биносида ўтказмоқда. Улар 1 октябрда Грузияга келиши биланоқ “чегарани ноқонуний кесиб ўтиш”да айбланиб, қамоққа олинган Михаил Саакашвилини қамоқхона касалхонасидан шаҳар касалхонасига ўтказишни талаб қилмоқда.
Саакашвили 1 октябрда ўзининг қамалишига норозилик сифатида очлик эълон қилган эди. У соғлиғи ёмонлашгани ортидан Тбилисидаги Глдан қамоқхонаси касалхонасига ётқизилган.
У Грузияга қайтгунига қадар мамлакат суди томонидан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланиб, сиртдан 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
10 ноябрда эса Саакашвилига нисбатан яна бир суд жараёни бошланди. Эндиликда у 2007 йилда мухолифат митингини куч билан тарқатишда ва “Имеди” телеканалига кучишлатар тузилмалари ходимларининг бостириб киришида айбланмоқда.
Мухолифат Саакашвилининг қамалишини сиёсий мотивлар билан боғламоқда. Грузия қонунларига асосан Саакашвилини қамоқдан озод қилишнинг ягона йўли унинг амалдаги президент томонидан афв этилишидир. Аммо президент Саломе Зурабишвили Саакашвилини афв қилмаслигини билдирган.